Давлат харидлари бўйича навбатдаги семинарлар ўтказилди | Новости

05 Окт 2022

Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги билан биргаликда “Тадбиркорлик субъектларининг электрон давлат харидлари тизимидаги иштирокини кенгайтириш” мавзусида навбатдаги ўқув семинарларини Қорақолпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказди.

Ўқув семинарларида Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржасининг ҳудуддий филиаллари ва Ғазначилик бошқармаларининг вакиллари, давлат буюртмачилари, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар иштирок этдилар.

Тадбирларда биржанинг электрон давлат харидлари тизимида буюртмачи ва иштирокчилар учун яратилган шароитлар ва имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шу жумладан биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz ва etender.uzex.uz электрон савдо платформаларининг афзалликлари очиб берилди.

Семинарлар давомида, шунингдек, давлат харидлари тизимида киритилган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчилар учун яратилган қўшимча қулайликлар батафсил тушунтириб берилди.

Таъкидланганидек, биржанинг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имконияти ҳам яратилди.

Шунингдек, давлат харидларининг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида норезидент иштирокчиларнинг таклифларини холис баҳолашнинг янги тизими жорий қилинди. Бунда электрон тизим норезидент иштирокчиларнинг таклифларини буюртмачи томонидан киритган қўшимча харажатларни инобатга олган ҳолда ҳисоблайди.

Семинарлар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар ҳамда олинган маълумотларнинг фойдали эканлигини таъкидладилар.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1743