Қарши шаҳрида электрон харидлар бўйича семинар ўтказилди | Новости

29 dekabr 2021

Жорий йилнинг 28 декабрь санасида Шўртан газ кимё мажмуасида танлов ва тендер бўйича биржанинг etender.uzex.uz электрон тизимига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинар биржанинг Электрон тижоратни ривожлантириш ва харидларни ташкил этиш бўлими мутахассислари томонидан ташкил этилиб, унда тадбиркорлар ва давлат буюртмачи ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисидаги” ЎРҚ-684-сон Қонунига мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари бўйича энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдолари мажбурий тартибда электрон шаклда амалга оширилиши таъкидланди.

Маълумот учун, жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг etender.uzex.uz электрон танлов ва тендер савдо тизимида илк бор бюджет буюртмачилари иштирок эта бошлади. Аввал биржанинг мазкур электрон савдо тизимида фақатгина корпоратив буюртмачилар иштирок этиб келаётган эди.

Айни пайтда бюджет буюртмачилари танлов ва тендерларда etender.uzex.uz вебсайти орқали электрон шаклда иштирок этишлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ўртасида тегишли маълумотлар базаси алмашинуви йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида электрон танлов ва тендер савдо тизимининг etender.uzex.uz янги вебсайтини 2020 йил май ойида ишга туширган эди.

Мазкур электрон савдо тизими танлов ва тендерларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида жорий этилган.

Вебсайт ишга туширилганидан буён давлат буюртмачилари (корпоратив буюртмачилар) томонидан жами 1,7 трлн сўмга яқин 4,0 мингдан зиёд шартномалар тузилган.

Учрашув якунида мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1777