"ЎзРТХБ" АЖ га бағишланган "Эмитент куни" бўлиб ўтди | Новости

10 sentyabr 2020

2020 йил 10 сентябрда видеоконференция шаклида "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" акциядорлик жамияти ("ЎзРТХБ" АЖ) га бағишланган "Эмитент куни" бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг тавсияларига мувофиқ "Тошкент" Республика фонд биржаси томонидан "Freedom Finance" МЧЖ ХК билан биргаликда ташкил этилди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Трастбанк" хусусий акциядорлик банкининг вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад акциядорлар, инвесторлар ва Ўзбекистон фонд бозорининг профессионал иштирокчиларини "ЎзРТХБ" АЖ фаолияти билан батафсил таништиришдан иборат бўлди.

Эмитент кунида "ЎзРТХБ" АЖ нинг ҳозирги ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди, маърузачилар фонд бозоридаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилдилар ва инвесторларнинг саволларига жавоб бердилар.

Тадбирни "Freedom Finance" МЧЖ ХК Ижрочи директори - Евгений Можейко ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Эмитентларни ривожлантириш департаменти бошлиғи Олимжон Алимов кириш сўзи билан очиб, "ЎзРТХБ" АЖ дивидендларни тўлашда етакчилар мавқеига эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

"Тошкент" РФБ Бошқарув раисининг матбуот котиби Саида Дадахонова ўз нутқида очиқлик ва шаффофлик фонд бозори ривожланишининг ҳозирги босқичида энг муҳим шартлардан бири эканлигини белгилаб ўтди.

Эмитент томонидан "ЎзРТХБ" АЖ Раисининг стратегик ривожланиш, молия ва корпоратив бошқарув масалалари бўйича ўринбосари Прокудина Кристина Александровна иштирокчиларни биржа фаолияти билан таништирди ҳамда 2019 йил якунлари ва 2020 йил 1-ярим йиллик кўрсаткичлари, шунингдек, биржанинг келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, "ЎзРТХБ" АЖ - товар сегментидаги электрон савдолар ва онлайн-аукционларнинг бош операторларидан бири сифатида юқори технологик компания ҳисобланади. Биржада ҳар куни 6 мингдан ортиқ битимлар тузилади ва савдоларда 5 мингдан зиёд контрагентлар қатнашадилар. Биржада, шунингдек, 30 дан ортиқ ахборот тизимлари, 13-та вебсайтлар, 5-та мобил иловалар ва 20 дан ортиқ интерактив хизматлар амал қилади.

2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан бир қатор йирик инновацион лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг бошида электрон тижорат йўналишида биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали тузилган битимларни бажарилишини кафолатлаш механизми жорий этилди.

Давлат харидлари бўйича электрон танлов ва тендерлар учун янги савдо тизими etender.uzex.uz ишга туширилди. Шунингдек, exdoc.uz электрон ҳужжат айланиш хизмати жорий этилди ва илк бор форвард савдолари ўтказилди.

2020 йилнинг биринчи ярмида "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ нинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 25 405,6 млрд сўмни ташкил этди, бу 2019 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 22% га кўпдир.

2020 йилнинг биринчи ярмида биржанинг даромади 84 млрд сўм, 2019 йилда эса 147 млрд сўмни ташкил этган. 2020 йилнинг биринчи ярмида соф фойда 43 млрд сўм, 2019 йилда эса 82 млрд сўмни ташкил этган. Активларнинг рентабеллиги 2020 йилнинг биринчи ярмида 73% ни, 2019 йилда 50% ни ташкил этди.

Тадбирнинг якуний қисмида иштирокчилар ўртасида муҳокамалар ўтказилиб, уларда эмитент вакили биржани ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ барча саволларга жавоб берди. Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида акциядорларга дивиденд тўлашда эришилган ижобий динамика кейинчалик ҳам давом этиши қайд этилди.

Шунингдек, яқин келажакда биржада савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, бизнес жараёнларига инновацион ечимларни жорий этиш ва мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Маълумот учун: "Freedom Finance" МЧЖ ХК (Ўзбекистон) Freedom Holding Corp. (АҚШ) холдингнинг таркибига киради. Холдинг Шарқий Европа ва Марказий Осиёда "Фридом Финанс" шўъба корхоналари орқали ўзининг молиявий фаолиятини юритади, қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланади, брокерлик, инвестиция масалалари бўйича маслаҳат хизматлари ҳамда инвестиция-банк ва андеррайтинг хизматларини кўрсатади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Ko'rildi: 6039