Биржада ўтган ҳафтадаги савдолар натижалари (19-23 ноябрь) | Новости

27 noyabr 2018

Жорий йилнинг 19 ноябрдан 23 ноябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 749,7 млрд сўмлик битимлар тузилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 747,6 млрд сўмдан 652,0 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни қурилиш материаллари 22,1 % билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда нефть маҳсулотлари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 16,9 % ни эгаллади. Кейинги ўринлардан чорвачилик учун ем 12,4 % улуш билан, 7,6 % улуш билан кимё маҳсулотлари жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 2,3 млн АҚШ доллардан ортиққа тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини полиэтилен ташкил қилди. Унинг улуши 57% га тенг. Кейинги ўринни 43% улуш билан саноат мойи эгаллади.

Жорий йилнинг 19 ноябрдан 23 ноябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 95 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 22,5 %га ўсди ва 27,2 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 21,0 миллиард сўмни ёки 77,3 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 24,4 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,8 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Андижон филиали 0,7 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 10,2 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли металл маҳсулотлари (9,6 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (1,2 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 880 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,6 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 24% биринчи тоифадаги авторақамларга, 46% иккинчи ва 30% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 23% га тенг. Кейинги ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 15% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Фарғона ва Андижон вилоятларининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 12% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 38% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 70,4 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. 

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 42,0 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан қарийб 28,4 миллиард сўмга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати қарийб 22,6 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати салкам 47,9 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди. 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12098