Беларусь универсал товар биржаси онлайн тарзда биржа савдолари платформасини тақдимотини ўтказди | Новости

27 may 2020

27 май куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) ва Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ) “Биржа савдолари” мавзусида видеоанжуман ўтказдилар.

Навбатдаги вебинарда Беларусь биржасининг вакиллари билан биргаликда ЎзРТХБ марказий аппарати, ҳудудий филиаллари ва брокерлик корпусининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.

Тадбир давомида БУТБ биржа савдолари платформасининг онлайн тақдимоти ўтказилиб, унда биржанинг тузилмаси, биржа савдоларининг географияси, тузилган битимларни амалга ошириш механизмлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди ҳамда биржанинг асосий кўрсаткичлари очиқланди.

Таъкидланишича, ҳар йили БУТБ да қарийиб 2,0 миллиард АҚШ долларлик 300 мингта битимлар тузилади. БУТБ савдо тизимининг асосий устунликларига товарларнинг кенг ассортименти, мижозларни кенг қамрови, ҳамда коронавирус пандемияси шароитида муҳим саналган яна бир жиҳат, яъни биржа товарларидан онлайн тарзда эркин ва хавфсиз фойдаланиш киради.

Шунингдек, вебинар иштирокчилари Беларусь биржасининг ёғоч-тахта материаллари, металл, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва истъемол товарларининг секциялари билан батафсил танишиб чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь универсал товар биржаси негизида ташкил этилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо майдончаси Беларусь Республикасида 2018 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Маълумот учун:

“ЎзРТХБ” АЖ (UZEX) – 1994 йилдан буён биржа бозорининг товар сегменти ва электрон тижорат соҳасида фаолият юритаётган МДҲ мамлакатлари орасида энг йирик товар биржаларидан бири ҳисобланади.

UZEX - бу: 13 та филиал, 306 савдо майдончалари (ЎзРнинг вилоятлари ва туманларининг 99% қамраб олинган), 1 088 та брокерлик идоралари, 3287 та трейдерлар, 1500 та маҳсулот сотувчилари, 35 000 та фаол мижозлар (мижозлар базаси 200 минг.).

Биржа савдоларида қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари, суюлтирилган газ, қора ва рангли металлар, қимматбаҳо металлар, пахта толаси ва линтлар, минерал ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, чорва учун озуқалар ва бошқа товарлар сотилади.

2019 йилда биржа платформасининг товар айланмаси 4,26 млрд АҚШ долларни ташкил этди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 6603