Ҳурматли Шаберди Реджепгелдиевич!
Ўзбекистон республика товар хомашё биржа жамоаси номидан бизнинг ташкилотимиз билан узаро манфаатли ҳамкорлик учун минатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз!
Ўзбекистон республика товар хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) 1994 йилда тузилган бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳатларнинг амалиётга татбиқ этилган ёрқин мисоли бўла олади.
Бугунги кунда ЎзРТХБ республикамиз бозор инфратузилмасининг фаол ривожланиб келаётган элементларидан бири бўлиб, нарх-наво шаклланишининг бозор механизмларини татбиқ этилишига кўмаклашмоқда.
Сўнгги йилларда ЎзРТХБ савдо айланмаси доимий ошиб бориб, ҳозирги кунда республика ички ялпи маҳсулотининг 7% атрофида ташкил этмоқда.
Биржада сотилаётган асосий товар-хом ашё ресурсларига пахта ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар, нефтмаҳсулотлари, қора ва рангли металлар, суюлтирилган газ, кимё саноати маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқалар киради.
Биржа фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири ЎзРТХБ савдолари орқали экспортни ошириш ҳисобланади. Биржа инфратузилмасини фақат республикамиз ҳудудидагина эмас, балки ундан ташқарида ҳам ривожлантириш мазкур мақсадимизга эришишнинг усулларидан биридир.
Мазкур йўналишда ЎзРТХБ ва Туркманистон давлат товар хом ашё биржаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларнинг ривожланиши ва кенгайиши, ҳамда икки мамлакат биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишувнинг имзоланиши муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон республика товар хом ашё биржаси ва Туркманистон давлат товар хом ашё биржаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув лойиҳаси савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссиясининг йиғилиш баённомалари ижросини таъминлаш, ҳамда Туркманистон давлат товар хом ашё биржаси вакилларининг 2012 йил 4 сентябрда ЎзРТХБга ташрифи чоғида эришилган келишувлар асосида ишлаб чиқилган эди.
Биржа механизми самарадор савдо усулларидан бири сифатида, мамалакатларимиз ўртасида ўзаро фойдали савдо-иқтисодий шароитларни яратишда амалий чораларни татбиқ этиш имкониятига эга.
Келишувда акс эттирилган реклама ва маркетинг бўйича чора тадбирларни амалга ошириш имкони Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ошириш ва ўз товарларимизни чет эл бозорларига чиқаришда муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, Келишувда биржа савдолари инструментларини қўллаш бўйича ўзаро конференция ва ўқув семинарларини ўтказиш имкониятларини акс эттирилганлиги ўзаро тажриба алмашиш, ҳамда биржа ва аукцион савдоларида замонавий технология ва механизмларнинг шакллантириш ва такомиллаштиришда ўзаро кўмаклашиш имконини яратади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур ҳужжатнинг имзоланиши ва амалга оширилиши биржа фаолиятида эришилган ютуқлар билан ўзаро алмашиш ва ўзаро савдо механизмларини яратиш имконини беради деб ишонамиз. Бу эса ўз навбатида икки мамалакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига олиб келади.
Давлатлар ўртасида интеграция ва кооперация жараёнлари ўзаро савдонинг самарали механизмларини излашдан бошланади. Шу нуқтаи назардан, биз ушбу йўналишда конструктив суҳбатга доим тайёрмиз.
Ишончим комил, мазкур ташаббус икки биродар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаб, ўзаро фойдали бўлган бир қатор янги йўналишларни ҳам очиб беради.