Расмий чиқишлар

"ЎзРТХБ" АЖ Бошқарув Раисининг биринчи ўринбосари “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан юртимизда илк марта ўтказилаётган кенг кўламли “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” ва оммавий ахборот воситалари учун Пресс-турдаги нутқи.
 
4 декабрь 2020 йил.
 
Ассалому алайкум ҳурматли бугунги тадбир иштирокчилари.
 
Аввалам бор бизнинг “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюрганларингиз учун раҳмат, биржага Хуш келибсизлар!
 
Бугунги тадбир доирасида, шунингдек, оммавий ахборот воситалари учун Пресс-тур ҳам ўтказамиз. 
 
Асосий мақсад сизлар билан бугун самарали мулоқотни ўтказиш ва биржа тўғрисида барча керакли маълумотларни етказиб бериш ва қизиқтирган барча саволларингизга жавоб бериш.
 
Маълумки биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси балки, хуфиёна иқтисодиёт ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. 
 
Шаффофлик ва ошкоралик бизнинг энг асосий тамойилларимиздан бири саналади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида шаффофлик биржанинг ҳар бир савдо платформасида ва ҳар бир босқичда таъминланади.
 
Мисол учун биржа савдоларининг натижалари, яъни котировкаларимиз ўзимизнинг расмий вебсайтимиз, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз, медиа ресурсларимиз ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиб борилади.
 
Бундан ташқари, мана сизларга маълумки давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz айни пайтда блогер ва журналистларнинг диққат-эътиборида турибди. Бу портал давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаб берувчи асосий воситадир.
 
Ўз навбатида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мазкур порталнинг оператори сифатида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
 
Қолаверса, биржанинг ўзида ҳам коррупцияга қарши курашиш чоралар кўрилмоқда. Бу йўналишларда биз замонавий IT-технологиялардан фойдаланган ҳолда, биржадаги барча бизнес жараёнларни автоматлаштириш, инсон омилини камайтириш ва биржа фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш ишларини олиб бормоқдамиз.
 
Мана шу мавзуларга мутахассисларимиз ўзларининг тақдимотларида батафсилроқ тўхталиб ўтади.
Тақдимотлардан сўнг барча саволларингизга жавоб беришга тайёрмиз.
 
Эътиборингиз учун раҳмат!
 
 
"ЎзРТХБ" АЖ Бошқарув Раисининг биринчи ўринбосари 16 ноябрда Ўзбекистон миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган Матбуот анжуманидаги нутқи.
 
25 ноябрь 2020 йил.
 
Ассалому алайкум ҳурматли бугунги анжуман иштирокчилари, ҳурматли матбуот ходимлари.
 
Аввалам бор бизни бугунги тадбиримизга қизиқиш билдириб келганингиз учун катта раҳмат!
 
Бугун биз жорий йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан электрон тижорат соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
 
Маълумки, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фақатгина биржа савдолари билан эмас, балки электрон тижорат билан шуғулланади.
 
Биржанинг электрон тижоратига электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ва мобиль рақам савдо тизимлари киради.
 
Жорий йилда, яъни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да мана шу савдо тизимларини такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
 
Бундан ташқари электрон тижорат соҳасида янги хизмат турлари ва инновацион лойиҳаларни ҳам амалга оширилдик. Мисол учун биржанинг логистика порталида электрон савдо тизими жорий этилди ҳамда биржа ўзининг электрон ҳисоб-фактураси хизматини ҳам ишга туширди.
 
Мана шу лойҳалар тўғрисида махсус тақдимот орқали сизларни таништириб ўтамоқчимиз. 
 
Тақдимотдан сўнг барча саволларингизга жавоб беришга тайёрмиз!
 
 
 
 
"ЎзРТХБ" АЖ Бошқарув Раисининг Шанхай шаҳрида биржанинг савдо майдончасини очилиш маросимидаги нутқи

25 январь 2019 йил.

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар!

 
Мен сизларни мазкур муҳим воқеа – Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг савдо майдончасини Шанхай шаҳрида очилиш маросимида иштирок этишдан ҳурсандман.
 
Биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мироманович Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин икки мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожланишига алоҳида эътибор қаратганлигини таъкидлаб ўтмокчи эдим.
 
Икки мамлакатларнинг раҳбарлари ўртасида тузилган Келишувларни амалда татбиқ этиш доирасида, ҳамда ўзаро товар айланмани ўсиши ва ҳамкорликни кенгайтириш йўлида биз томондан электрон биржа савдо механизмидан фойдаланган ҳолда ўзбек ва хитой ишбилармонларни товар бозорларидан фойдаланиш бўйича ишлар ва чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
«Xinjiang Asia – Europe International Material Trade Center Co., LTD.» компаниясининг раҳбариятига ушбу савдо майдончасини очилиши ва икки ташкилот ўртасида муносабатларни мустаҳкамлашда намоён этган фаоллиги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.
 
Дунёнинг йирик савдо-молиявий маркази ҳисобланадиган Шанхай каби шаҳарда ўзбек биржасининг савдо майдончасининг очилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожланишида муҳим воқеа ҳисобланади, ҳамда электрон биржа савдо ва клиринг механизмларидан кенг фойдаланиш Хитой ва Ўзбекистон тадбиркорлари учун ҳам янги имкониятларни очиб беради.
 
Ўйлайманки ўрнатилган ҳамкорлик икки мамлакатларнинг халқларнинг манфаатларига хизмат қилади.
 
Эътиборингиз учун раҳмат!
 
 
 
“ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раисининг "ЎзРТХБ" АЖ Пресс-турда кириш сўзи 

25 август 2017 йил.

Ассалому алайкум ҳурматли анжуман иштирокчилари, азиз меҳмонлар!

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасига хуш келибсизлар!

Аввалом бор фурсатдан фойдаланиб Сизларни, Сизлар орқали бутун Ўзбекистон халқини кириб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман!
 
Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга ошираётган фидокорона меҳнатингиз ва ишларингизга омад ва мувафаққиятлар тилайман!
 
Бугун биз мана шундай улуғ байрам арафасида Пресс-тур ўтказишдан кўзланган асосий мақсадимиз бу албатта оммавий ахборот воситалари билан алоқаларимизни янада кенгайтириш ва биржа фаолиятини жамоатчиликка янада кенгроқ тушунтиришдан иборатдир.
 
Биржа фаолиятида очиқ-ойдинлик, ошкоралик ва шаффофлик доим биринчи ўринни эгаллаб келган. Шу боис хабарларингиз бор яқинда биз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига ҳомийлик қилиш ва улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилиб олдик.
 
Ҳозирги кунда биз уюшма билан биргаликда ушбу ҳамкорликни ташкиллаштириш бўйича алоҳида меморандум ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқдамиз. Ва яқин кунларда бу ҳақида батафсил маълумот берамиз.
 
Бугун эса мен Биржада Сизлар учун очиқ эшиклар кунини эълон қиламан. Албатта барчангизга бугунги тадбирнинг дастури берилган. Бироқ агар сизларда дастурга киритилмаган объект, хона ёки жараён билан танишиб чиқиш хоҳишингиз уйғонса. Марҳамат, буни биз бемалол ташкиллаштириб берамиз.
 
Жорий йилда биз мижозларимиз, шу жумладан кичик бизнес вакиллари учун бир қатор қулайликларни яратдик. Хусусан биржанинг марказий офиси янгиланди, унинг IT-инфратузилмаси тўла модернизация қилинди. Бундан ташқари жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб электрон тижорат йўналишида янги хизмат турини ишга туширамиз.
 
Бугунги пресс-турда мана шу мавзуларни ҳар томонлама ёритиб беришга ҳаракат қиламиз. 
 
“ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раисининг акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши бўйича маърузаси
 
26 май 2017 йил
 
“ЎзРТХБ” АЖнинг 2016 йилдаги фаолияти мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишлари ва 2015 йилда акциядорларнинг умумий мажлисида тасдиқланган Биржанинг ўрта (2016-2018 йиллар) ва узоқ (2016-2025 йиллар) муддатли ривожланиш стратегиясини амалга оширишга қаратилган эди. Мазкур стратегияда биржа товар бозорларида, инновация ва мижозларга хизмат кўрсатиш йўналишларда етакчиликни кучайтириш йўли билан рақобатли устунликларни сақлаш бўйича мақсад ва вазифалар белгиланган эди.
 
Уларни бажариш доирасида 2016 йилда 12,1 трлн сўмлик битимлар тузилди ва бу 2015 йилга нисбатан 36,6%га кўпдир. Бунда ижобий динамика биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди. Шу жумладан биржа савдолари бўйича тузилган битимларнинг ҳажми 38%га ўсиб, 9,5 трлн сўмни ташкил этди, товарларнинг экспорти эса 31,3%га ўсиб, 73,2 млн АҚШ доллар эквивалентида қайд этилди.
 
Кўргазма-ярмарка савдолар платформасида тузилган битимларнинг қиймати 37,2%га кўтарилиб, 1,5 трлн сўмни ташкил этди. Давлат харидлари, шу жумладан “Электрон каталог”да харид қилинган энг зарур товарларнинг умумий ҳажми 2015 йилга нисбатан 544 млрд сўмдан 668 млрд сўмгача кўтарилди (ўсиш – 22,8%). Корпоратив харидлар тизимида 445 млрд сўмлик битимлар тузилди ва ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 29,3%га кўпдир.
 
Инновацион ечимларни биржа фаолиятида фаол жорий этилиши юқори кўрсаткичларга эришишга кўмак берди. Хусусан ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолар платформасининг модернизациялашуви, янги ахборот тизимлари, вебсайтлар ва дастурий маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва тадбиқ этилиши мижозларнинг электрон савдолардаги иштирок этиш жараёнини енгиллаштирди.
 
Алоҳида эътибор “ЎзРТХБ” АЖ инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялашувига қаратилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бир нечта босқислардан иборат бўлиб ва улар биржанинг марказкий аппарат биносини реконструкция қилиш, унинг IT-инфратузилмасини модернизациялаш, ҳамда биржанинг ҳудудий филиал ва савдо майдончаларини ривожлантиришни назарда тутади.
 
Акциядорлик жамиятда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш чоралари доирасида локал актларни ишлаб чиқиш ва биржа маълумотларини ошкор этиш бўйича ишлар олиб борилди, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларининг (МҲХС) асосида молиявий ҳисоботларни нашр этишга ўтилди ва аудит халқаро стандарлар бўйича ўтказилди.
 
Корпоратив бошқарув кодексининг талабларига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятининг самарадорлиги мустақил экспертизадан ўтказилиб, унинг натижасига кўра биржада корпоратив бошқарув тизимини якуний баҳоси юқори даражада деб эътироф этилди – 822 балл. Ушбу чоралар биржа фаолияти очиқ-ойдинлигини ошириш ва жамиятни бошқарувида акциядорлар аҳамиятини кучайтириш имконини яратди.
 
 
“ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раисининг в.в.б биржа фаолиятининг 2016 йил якунлари бўйича маърузаси
 
Ҳурматли мажлис қатнашчилари,
2016 йилда биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижаларга эришилди.
“ЎзРТХБ” АЖ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 2015 йил билан солиштирганда 36,6% га ўсиб, 12,06 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 38% га ошиб, 9,46 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан мис маҳсулотлари бўйича 42,1% га, кўмир – 26,4%, рух – 25%, автомобиль бензини – 22,2%, пахта линти – 22,1%, полиэтилен – 17,3%, буғдой (дон) – 12,5%, шакар – 12,3%, пахта шелухаси– 2,9% га ўсишга эришилди.
 
Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Ўтган йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан 6,0 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йил билан солиштирганда 17,0% га кўпдир. Шу билан бирга, улар 2,3 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14,4% га ўсди. Шу билан бирга уларнинг тузилган битимлардаги улуши 69% ни ташкил этди.
 
Кўргазма-ярмарка савдолар тизимининг модернизациялашуви натижасида ярмарка савдоларнинг ҳажми 37,2% га ўсди ва 1,49 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 19% га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 73,2 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу 2015 йилга нисбатан 31,3% га кўпдир.
 
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 19,9% га ўсиб, 596,1 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 133,0 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида энг зарур товарларни харид қилиш ҳажми 2015 йилга нисбатан 53,3% га, яъни 71,6 млрд сўмгача ўсди. Бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши 12,0 млрд сўмдан 28,1 млрд сўмгача кўтарилди.
 
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми 29,3% га, яъни 444,8 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2015 йилга нисбатан 39,6% га ўсиб, 95,5 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 97 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 та таклифлар келиб тушди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ 2017 йилга қуйидаги вазифалар устувор ййналишлар сифатида белгиланади:
 
- биржа мижозлари ва бошқа биржа хизмати фойдаланувчилар билан ўрнатиладиган алоқа усул ва воситаларни IT ечимлар ёрдамида яхшилаш;
 
- биржанинг ҳудудий филиалларида мижозлар билан самарали алоқалар ўрнатиш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш;
 
- акциядорлик жамиятида сифат менежменти тизими ва корхона ресурсларини бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этиш;
 
- электрон савдоларга товар ресурслари ва янги мижозларни, шу жумладан кичик бизнес субъектларини жалб қилиш;
 
- савдоларнинг янги усули ва механизмларини жорий этиш йўли билан электрон тижоратни такомиллаштириш;
 
- савдо платформалар фаолиятининг оптималлаштириш ва бизнес-жараёнларни автоматлаштириш бўйича инновацион усулларни жорий этиш;
 
- кадрлар салоҳиятини бошқариш самарадорлигини ошириш ва персонални профессионал ривожланишини таъминлаш.
 
 
“ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раисининг в.в.б биржа фаолиятининг 2016 йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича маърузаси

Ҳурматли мажлис қатнашчилари,

2016 йилнинг 9 ойида биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижалар эришилди. ЎзРТХБ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 36,3% га ўсиб, 8,8 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 35,8% га ошиб, 6,8 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 69,5% га, пахта линти – 46,4%, рух – 25,8%, полиэтилен – 15,7%, мис маҳсулотлари – 14,5%, пахта шроти – 15,1%, буғдой (дон) – 14%, дизель ёқилғиси – 9,4%, автомобиль бензини – 7,6% га ўсишга эришилди. 

Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида тадбиркорлик субъектлари томонидан 4,5 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йилнинг 9 ойлиги билан солиштирганда 18,8% га кўпдир. Шу билан бирга, улар 1,8 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23,6% га ўсди.

Ижобий ўсиш динамикаси кўргазма-ярмарка савдолар тизимида ҳам қайд этилиб, унинг ҳажми 46,4% га ўсди ва 1,1 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 13,5% га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 47,4 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 8,1% га кўпдир.

«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 24,2% га ўсиб, 431,7 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 95,3 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида 56,9 млрд сўмлик битимлар имзоланди ва 22,8 млрд сўм бюджет маблағлари тежалди.

«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми эса 28,1% га, яъни 333,9 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 73,9 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 98 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Унда республика ҳукумати томонидан биржа фаолияти самарадорлигини оширишнинг устивор вазифалари белгилаб берилди. Жумладан:

2016 йилнинг Бизнес-режаси параметрларини бажариш.

Биржада фуқаролар мурожаатлари тизими ва корпоратив бошқарув усулларини янада такомиллаштириш.

 

 
ЎзРТХБ» АЖ бошқарма раисининг в.в.б. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан сўзлаган байрам табрик нутқи
 
31 август 2016 йил
 
Ҳурматли ҳамкасблар!
 
25 йил бу бунёдкор халқимиз кўҳна тарихида бир лаҳза, лекин мустақиллик даврини мазмун-моҳиятидан жиҳатидан миллатимиз ва давлатимиз тақдирида тутган ўрни беқиёсдир. Асрларга тенг ушбу давр мобайнида иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиши, янги саноат объектларини қурилиши, аҳолини иқтисодий фаоллиги ва унинг фаровонлигини ўсишига эришилди.
 
Ҳукуматимиз бошчилигида Ўзбекистонда замонавий, ҳамда жаҳон стандартларига жавоб берадиган биржа механизми шаклланди. Шунингдек малакали брокерлик корпуси ва ишончли савдо инфратузилмаси яратилди, биржа фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилди. Буларнинг барчаси биржа, ярмарка ва аукцион савдоларининг изчил ўсиши учун имконият яратиб берди.
 
Биржанинг стратегик ривожланишида юксак ютуқларга эришишда биржа ходимлари, брокерлик корпуси ва савдо майдончалар вакилларининг ҳиссаси катта.
 
Шу боис сизларни энг улуғ ва энг азиз байрам – давлатимиз Мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси билан самимий муборакбод этаман!
 
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ва хайрли ишларингизда омад тилайман.
 
Юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва тараққиёт абадий бўлсин!
 

“ЎзРТХБ” АЖ бошқаруви раисининг акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши бўйича маърузаси (қисқача мазмуни)

07 Июн 2016

Ассалому алайкум ҳурматли акциядорлар, Кузатув кенгаши аъзолари! Сизларни “ЎзРТХБ” АЖ акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиш каби катта аҳамиятга эга бўлган тадбирда кўриб турганимдан хурсандман!

Жамият ижро органининг ўтган йилидаги фаолияти бизнес режа, ҳамда бошқарма томонидан тасдиқланган ЎзРТХБ фаолиятини такомиллаштириш дастури билан белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган эди.

2015 йилда Биржанинг барча савдо платформаларида 8,83 трлн сўмлик 689 мингта битимлар амалга оширилди. 2014 йилда 592,8 мингта битим тузилган эди. Кўргазма-ярмарка савдолар платформаси ижобий тенденция сақланди. Умумий қиймати 1 трлн сўмлик шартномалар тузилиб бўлиб, аввалги йилга нисбатан 8% ўсиш қайд этилди. Кўргазма-ямарка савдолар иштирокчиларининг сони 33,7% га ўсиб 4,1 мингтадан ошди.

Давлат харидларида тузилган шартномаларнинг умумий ҳажми 2014 йилга нисбатан 5,7% га ўсиб, 497,1 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши 139,8 млрд сўм ёки  бошланғич нархга нисбатан 19,2% ни ташкил этди.

2015 йилнинг июнида Давлат харидларининг янги механизми “Электрон каталог” ишга туширилди. Ўтган йилда ушбу тизимда умумий қиймати 46,7 млрд сўмлик 46 минг шартномалар тузилди, бюджет маблағларини тежалиши 12 млрд сўмни ташкил этди.

2015 йилдаги корпоратив харидларнинг савдо ҳажми 344,3 млрд сўмга етди ва маблағларнинг тежалиши 68,4 млрд сўм ёки бошланғич нархга нисбатан 16,6% га етди.

Ўтган йил мобайнида ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида биржанинг барча йўналишларида мижозларга хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди, савдо иштирокчилар ва мижозларни аккредитация қилиш соддалаштирилди.