Биржанинг логистика порталида электрон савдолар йўлга қўйилди | Новости

24 sentyabr 2020

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг transport.uzex.uz логистика порталида махсус электрон савдо тизими ишга туширилди.

Биржанинг янги электрон савдо платформаси товарларни, шу жумладан биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистик хизматларни кўрсатишга мўлжалланган.

Мазкур тизимда буюртмачи ва юк ташувчилар савдоларда электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ўзларининг шахсий кабинетлари орқали иштирок этадилар.

Тизимда, шунингдек, шартномаларни электрон шаклда тузиш тартиби ўрнатилган ҳамда буюртмачининг истагига кўра тузилган шартномаларда белгиланган мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш механизми ҳам жорий этилган.

Айни пайтда порталда 50 мингдан зиёд фаол юк ташувчиларнинг электрон базаси мавжуд.

Биржанинг янгиланган transport.uzex.uz логистика портали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июлдаги 450-сонли қарорини ижро этиш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилди ва амалиётда жорий этилди.

Қўшимча маълумот учун, UZEX биржасининг Call-маркази операторлари ва мутахассисларига @uzexfeedbackbot телеграм боти ёки (+71) 207-00-33 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 6847