“ЎзРТХБ” АЖ ислом давлатлари биржаларининг халқаро форумида иштирок этди | Новости

18 sentyabr 2018

2018 йил 10-12 сентябрь кунлари “ЎзРТХБ” АЖ Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил этилган Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг 12 та аъзо давлатларининг биржа форумида иштирок этди.

Биржа форумида мазкур ташкилотга аъзо бўлган 20 дан зиёд биржалар, марказий депозитарий, молия институтлари ва тижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Форум расмий чиқишлар, тақдимотлар шаклида ўтиб, якуний хулосалар тақдим этилди.

Тадбир давомида Халқаро ислом молия бозори, Дарем университетининг бизнес мактаби, Халқаро ислом молияси университети ва бошқа ташиклотлар вакилларининг ҳисоботлари тингланди. Молия бозорида инновацияларни қўллаш, иқтисодни ривожлантиришда Суқуқ молиявий инструментининг аҳамияти ва унинг роли, Ислом молия бозори ва барқарор ривожланиш мақсадлари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунига кўра Истанбул фонд биржаси (Borsa İstanbul) ташаббуси бўйича Ислом Ҳамкорлик ташкилоти аъзоларининг турк тилли мамалакатларининг фонд ва товар биржалари вакилларининг учрашуви ташкил этилди. Хусусан, учрашувда Истанбул фонд биржаси, “ЎзРТХБ” АЖ, “Тошкент” Фонд биржаси, “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ ва “Баку фонд биржаси” ЁАЖ вакиллари иштирок этдилар.

 “ЎзРТХБ” АЖ нинг раиси в.в.б. Фарохиддин Ибрагимов Истанбул фонд биржаси Ижрочи директори Мурат Четинкая билан музокаралар ўтказди. Ўзбек биржаси мутахассисларининг Истанбул фонд биржасида тажриба алмашишлари борасидаги ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, товар сегментида биржа савдоларининг замонавий шаклларини ташкил этиш, биржа дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашиш хусусида ҳам келишиб олинди.

Маълумот учун: Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг биржа форуми ИҲТ компаниялари вакиллари ўртасида халқаро ҳамкорликни муҳокама қилиш учун мўлжалланган майдон бўлиб хизмат қилди ва иштирокчиларга тажриба алмашиш учун имконият яратиб берди. Мазкур форум Истанбул фонд биржаси бошчилигида ҳар йили ташкил этилади.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 8745