UZEX биржасида фьючерс савдолари бўйича дастлабки лойиҳа ишга туширилди | Новости

27 dekabr 2021
2021 йил 21 декабрда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Москва биржаси (Россия Федерацияси) билан ҳамкорликда Москва биржасининг технологик ечимларидан фойдаланган ҳолда суюлтирилган газ ва цемент учун ҳисоб-китоб фьючерс контрактлари бўйича тест режимида дастлабки электрон биржа савдоларини ўтказишди.
 
Ўзбекистон товар биржасида сотиладиган товарларнинг нархлари базавий активи ҳисобланган деривативалар билан савдолар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Москва биржаси ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкиллаштирилди.
 
Суюлтирилган газ учун фьючерс контрактининг коди – LG, цемент учун – CM. Савдо иштирокчилари учун ижро муддатлари сифатида 2022 йилнинг январь ва февраль ойлари белгиланган икки хил контрактлар мавжуд. Базавий активлар учун ҳисоб-китоб нархлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг спот бозорида ҳафталик савдо натижалари бўйича шаклланган ўртача нархлар асосида белгиланади.
 
2021 йилнинг 21-24 декабрь кунларида ўтказилган фьючерс савдолари якунларига кўра 115 та контрактларини олди-сотдиси бўйича 36 та шартномалар тузилди. Фьючерс савдоларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 7 та фаол брокерлик идоралари иштирок этди.
 
Мазкур инструментлар бўйича ўтказилган савдолар мобайнида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг мутахассислари ва брокерлари Москва биржасининг технологик ечимлари асосида деривативлар бозорининг ишлаш механизми ва тамойилларини батафсил ўрганиб, ўзлаштириб олдилар.
 
Лойиҳанинг навбатдаги босқичларида фьючерс савдолари, клиринг ва ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича электрон тизимларнинг якуний конфигурациясини аниқлаш ва жорий этиш, фьючерс савдолари иштирокчилари сонини кенгайтириш ва маҳаллий трейдерлар учун ўқув курслари ва тренингларни ташкиллаштириш режалаштирилган.
 

Манбаа : PR отдел АО "УзРТСБ"

Кўрилди: 3617