UZEX ҳафталик дайжести | Новости

27 aprel 2020
Ўтган ҳафта давомида, яъни 20-26 апрель кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 942,6 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 13% га камдир. Бунда сотувларнинг 87% - биржа савдолари, 9% - кўргазма-ярмарка савдолари, 4% - электрон давлат харидлари ва 0,1% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 334,7 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 8,7 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 336 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 14% га ўсиб, 1,2 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 17,0% биринчи тоифадаги авторақамларга 51,2% иккинчи ва 31,8% учинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.
 
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 819,1 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:
 
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 4386,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 3302,0 тоннаси, яъни 75,3% сотилди. Ўтказилган савдоларида иштирок этган харидорларнинг умумий сони аввалги ҳафтага нисбатан 43% га ўсиб, ҳар куни ўртача 200 та савдо иштирокчисини ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9185,4 минг сўмдан 9107,1 минг сўмгача пасайди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 2,7% га ўсиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 9506,4 минг сўмни ташкил этди.
 
Шакар
Таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли биржанинг шакар бозорида барқарорлик сақланмоқда. Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 17650,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 8350,0 тоннаси, яъни 53% сотилди. 
Биржа савдоларида ҳар куни ўртача 46 та харидорлар иштирок этишди ва бу аввалги ҳафтага нисбатан икки маротабага кўпдир. Ўтказилган биржа савдолари натижасида шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи шакарнинг бир тоннаси учун 5269,7 минг сўмни ташкил этди.
 
Бензин
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 10700,0 тонна АИ-91 русумли автомобиль бензини қўйилди ва улардан 555,0 тоннаси, яъни 5,2% сотилди. Биржа савдоларида ўртача 29 та харидор корхоналар иштирок этишди.
АИ-91 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси бензиннинг бир тоннаси учун 5741,6 минг сўмни ташкил этди. Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1350 литрни ташкил қилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Ko'rildi: 6794