“ЎзРТХБ” АЖ етакчи хорижий биржалари билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатди | Новости

21 may 2019
2019 йил 9 – 10 май кунлари “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари Чикаго шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтган Фьючерс бозорлари халқаро уюшмасининг (AFM) 22-чи йиллик анжуманида иштирок этишди.
 
Ташрифдан кўзланган асосий мақсадлар Ўзбекистон биржасини Фьючерс бозорлари халқаро уюшмасининг (AFM) аъзоларига таништириш, етакчи хорижий биржалари билан алоқаларни ўрнатиш, ҳамда фьючерс савдоси соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Анжуманда 20 дан зиёд дунё мамлакатларининг 50 дан зиёд товар ва фьючерс биржалари, клиринг палаталари, брокерлик идоралари, тижорат ташкилотлари, ҳамда етакчи инвестицион компанияларининг вакиллари иштироқ этдилар.
 
Анжуман пленар сессиялари ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, унда дериватив бозориларини ҳолати ва истиқболи, рақамли активлар ва криптовалюта биржаларининг тенденциялари, клиринг ташкилотларининг истиқболи, биржа тизимида молиявий технологияларнинг қўлланилиши ва биржаларнинг меъёрий-хуқуқий базасини баҳолаш мавзулари муҳокама қилинди.
Фьючерс бозорлари халқаро уюшмаси (AFM) , Чикаго товар биржаси (CME Group), Фьючерс индустриясининг уюшмаси (FIA), Америка молиявий биржаси (AFX), АҚШ миллий фьючерс уюшмаси (NFA) ва бошқа халқаро ихтисослаштирилган ташкилотларнинг раҳбарлари маърузалар билан сўзга чиқдилар.
 
Маълумки, 2019 йил феврал ойида “ЎзРТХБ” АЖ  Фьючерс бозорлари халқаро уюшмасининг (AFM) тўлиқ аъзосига айланди.  Анжуман давомида AFM аъзоларини умумий йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ЎзРТХБни ташкилот аъзоларига расмий таништируви ўтказилди. Шу жумладан, Ўзбекистон биржасининг яратилиши ва ривожланишининг қисқача тарихи, ўтказиладиган савдоларнинг ўзига хос хусусияталари ва сотиладиган товар активлари, ҳамда биржанинг асосий кўрсаткичлари ва келажакда фьючерс контрактларини жорий этиш бўйича режалари айтиб берилди.
 
Тадбирда, “ЎзРТХБ” АЖнинг Бошқарув Раиси Фарохидин Ибрагимов Чикаго товар биржаларини гуруҳи (CME Group) Раиси ва Бош директори Терри Даффи билан учрашди. Ўтказилган суҳбат жараёнида фьючерс савдоси бўйича билим олиш йўналишида икки биржанинг ахборот алмашинуви тўғрисида келишувга эришилди.
Тадбир давомида Фьючерс бозорлари халқаро уюшмасининг Раиси Патрик Кенни ва Фьючерс бозорлари халқаро уюшмасининг Президенти  Пол Константину, Дубай олтин-товар биржаси (DGCX)нинг Тавакалчиликларни бошқариш ва савдолар бўйича директор Эндрю Додворт, ҳамда бошқа нуфузли ташкилотларнинг рахбарлари ва экспертлари билан учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар натижасида томонларнинг қизиқтирган ўзаро манфаатли масалалари белгилаб олинди, ҳамда деривативлар бозорлари бўйича малакали экспертлар ва маслаҳатчиларни жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Анжуман доирасида форум иштирокчилари Чикаго товар биржасининг Бош бошқарув маркази (GCC)га  ҳам ташриф буюрдилар. Марказнинг асосий вазифаси CME Globex электрон савдо тизимини барқарор ишлашини таъминлашдан иборатдир. Биржадаги барча савдо операциялари Бошқарув маркази томонидан назорат қилинганлиги боис бозор манипуляциясига йўл қўйилмайди ва тизимнинг бутун дунё бўйилаб барқарор ишлаши кафолатланади. Хусусан, Глобал бошқарув маркази потенциал хавф туғдирадиган ва савдо тизимига зарар етказиши мумкин бўлган хатарларни аниқлайди, ва уларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўради. Марказ, шунингдек, фавқулотдаги вазиятларда, аввал тизимга киритилган буюртмаларни бекор қилишда савдо иштирокчиларига ёрдам бериши ҳам мумкин.
Сўнгги пленар сессияда товар биржаларни молия воситаларни ўзлаштириш даги истиқболлари муҳокама қилинди ва унда экспертлар Узбекистон товар-хомашё биржасига ижобий баҳо бердилар.
Халқаро анжуман якунида пленар сессияларнинг натижалари, асосий маърузачиларни тақдимотлари, ва дериватив бозорини келажакдаги истиқболлари муҳокама қилинди.
 
Ўз навбатида эришилган келишувларни амалда жорий этилишини таъминлаш ва биржалараро муносабатларни ривожлантириш мақсадида, ЎзРТХБ Фьючерс бозорлари халқаро уюшмаси (AFM) ва хорижий биржалар билан ўрнатилган ҳамкорликни давом эттиради.
 
Маълумот учун: Чикаго товар биржаси гуруҳи (CME Group) деривативлар савдоси ва уларнинг турлари бўйича энг йирик савдо майдончаси ҳисобланади. Чикаго товар биржаси 1848 йилда яратилган. CME гуруҳи 2007 йилда Чикаго товар биржаси ва Чикаго савдо палатаси бирлашуви натижасида ташкил топган. CME гуруҳи таркибига, шунингдек, Нью-Йорк товар биржаси NYMEX, Канзас биржаси KCBT, дунё бўйича 11та йирик филиал ва 15та офислар киради.
 
Биржада турли ҳил савдо воситалари қўлланилади, шу жумладан валюта, товар, фоиз ставкалари, индекслар, кўчмас мулк, қимматбаҳо металлар, биржадан ташқари активлар бўйича фьючерс ва опцион контрактлари сотилади. Чикаго савдо биржасида кунига ўртача 19 млндан зиёд битимлар тузилади.
 
Фьючерс бозорлари халқаро уюшмаси (AFM) – турли давлатларнинг биржалари, клиринг ва бошқа ташкилотларни боғлайдиган халқаро нотижорат ташкилот. Уюшма 1998 йилда Буэнос-Айресда (Аргентина) ташкил топган. Уюшманинг асосий мақсади – янги савдо турлари ва бозорларни яратишда кўмаклашиш, ҳамда ташкилот аъзолари ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш, улар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳалқаро анжуманларни ташкиллаштириш.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 17390