«ЎзРТХБ» АЖ фаолиятининг 2017 йил 9 ойлик якунлари | Новости

19 oktyabr 2017
2017 йилнинг 9 ойилигида “ЎзРТХБ” АЖ да 10,2 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 16,7% га кўпдир. Хусусан, биржа савдо битимларининг ҳажми 16,9% га ошиб, 8,0 трлн сўмга етди. 
 
Бир қатор биржа товарлари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан дон – 3 маротабага, шакар – 1,5 маротабага, автомобиль бензини – 18,5% га, буғдой уни – 10% га, мис маҳсулотлари – 9,7% га, ўсимлик ёғи – 7% га кўтарилди. Сотилган товарлар таркибининг катта қисмини қурилиш моллари – 28%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 19%, қора ва рангли металлар – 18% билан эгаллашди.
 
Электрон савдо иштирокчиларнинг аккредациядан ўтиш жараёни соддалаштирилганлиги сабабли биржада янги мижозларни сони 18,9% га кўтарилди. Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 2,9 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди ва кўрсаткичнинг ўсиши 2% ни ташкил этди.
 
Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларида фаол иштирок этиши ҳисобига электрон савдоларнинг ўсишига эришилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2016 йилнинг 9 ойига нисбатан 13% га ўсиб, 7,1 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 4,9 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 2,2 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар. Бунда тадбиркорларнинг маҳсулотларини сотиш ҳажми 21% га ўсди. Бу эса бизнес вакилларининг биржа савдолари ва электрон тижоратда иштирок этишга бўлган қизиқишлари ошганлигидан далолат беради.
 
Ярмарка савдоларнинг ҳажми 2016 йилнинг 9 ойига нисбатан 24% га ёки 1,4 трлн сўмгача ўсди. Харидларнинг катта қисми яъни 22% машинасозлик маҳсулотларига, 18% – қурилиш молларига, 16% – кимё саноати маҳсулотларига ва 10% – озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келди.
 
Биржанинг валюта савдо майдончаси ва электрон дўкони орқали 47,9 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт қилинган маҳсулотлар орасида минерал ўғитлар – 12 маротабага, суюлтирилган газ – 1,7 маротабага ва  полиэтиленнинг ҳажми 4,4% га ўсди.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 31 августидаги 683-сонли қарорини ижросини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаларида сотиш бўйича янги савдо платформаси жорий этилди. Авторақамларни сотиш бўйича онлайн аукционлар биржанинг avtoraqam.uzex.uz янги вебсайтида ташкиллаштирилди.
 
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайёр қабул қилиш ташкиллаштирилди, ҳамда республикамиз туманларида тадбиркорлар иштирокида бир қатор учрашув ва ўқув семинарлар, ОАВ ходимлари учун матбуот анжуманлари ва пресс-тур ўтказилди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 20568