«ЎзРТХБ» АЖда 2016 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари муҳокама қилинди | Новости

26 iyul 2016
2016 йилнинг 23 июлида “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари ва учинчи чорак вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда марказий аппарат бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Тадбирда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижалар эришилганлиги айтиб ўтилди. ЎзРТХБ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 5,73 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 37,5% га ошиб, 4,4 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 75,8% га, полиэтилен – 19,2%, мис маҳсулотлари – 17,7%, минерал ўғитлар – 10,8%, буғдой (дон) – 13,7%, шакар – 11% га ўсишга эришилди. Ҳисоб-китоб клиринг электрон тизимда 4 292 та янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди.
 
Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида тадбиркорлик субъектлари томонидан 2,86 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги билан солиштирганда 19,2% га кўпдир. Шу билан бирга, улар 1,28 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42,4% га ўсди.
 
Ижобий динамика кўргазма-ярмарка савдолар тизимида ҳам қайд этилиб, унинг ҳажми 67% га ўсди ва 780,2 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 7,9% га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 30,4 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 12,3%га кўпдир.
 
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 18,4% га ўсиб, 249,5 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 58,9 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидан 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида 33,2 млрд сўмлик битимлар имзоланди ва 12,3 млрд сўм бюджет маблағлари тежалди.
 
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми эса 27,1% га, яъни 217,2 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2015 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 48,4% га ўсиб, 53,3 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидан 98 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 
Тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиб бериш бўйича ўтказилган чора-тадбирлари доирасида биржанинг махсус ахборот порталида ҳуқуқий маслаҳат, пул маблағларини қайтариш, калькулятор ва форум каби интерактив хизматлар жорий этилди. Тадбиркорлар вебсайти b2b.uzex.uz нинг контент ва функционал имкониятлари яхшиланди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) нинг “Тадбиркорлик” бўлимида тадбиркорларнинг биржа ходимлари билан интерактив мулоқотини ташкил этиш мақсадида «Онлайн – маслаҳатчи»  модули ишга туширилди.
 
Жорий йилнинг бошидан бери мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган “Ягона дарча” марказлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларини электрон савдоларга кенг жалб этиш ишлари ташкил этилди. Бундан ташқари Фарғона, Навои, Нукус ва Урганч шаҳарларида кичик бизнес вакиллари ва ОАВ ходимларининг иштирокида бизнес-форум ва семинарлар ўтказилди.
 
Мажлисда “ЎзРТХБ” АЖ 2016-2020 йилларида ривожланиш концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжатда биржанинг савдо платформаларини такомиллаштириш ва янги фаолият йўналишларини ўзлаштириш ишлари ўз аксини топган.
 
Мажлис якунига кўра, учинчи чорак учун вазифалар белгиланди ва улар қаторида электрон савдолар ҳажмларининг барқарор ўсишини таъминлаш, “ЎзРТХБ” АЖ 2016-2020 йилларда ривожланиш концепцияси дастлабки босқичини бажариш, ҳамда вилоятларда кўрсатилаётган биржа хизматлари сифатини янада яхшилаш каби вазифалар устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди.
 

Кўрилди: 14080