“Электрон ҳукумат” тизимида иштирок этишга оид тадбирлар
"Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" ("ЎзРТХБ" АЖ) биржа, ярмарка савдолари ҳамда давлат ва корпоратив харидлар бўйича аукционлар ташкил этилишини таъминлайди. Ўз фаолиятини юритишда, биржа ҳар томонлама ахборот-коммуникация технологияларини қўллайди ва АКТ ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий актларнинг ижросини таъминлайди.
Жорий йилнинг бошида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидаги электрон дўкон савдо майдончасида буюртмачилар томонидан давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи milliydokon.uzex.uz (emilliydokon.uzex.uz) қўшимча саҳифаси ишга туширилган.
Жорий йилнинг май ойида давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz янги савдо тизими ишга туширилди. Мазкур тизим танлов ва тендерларни электрон шаклда амалга ошириш имконини беради.
Биржа савдолари ва давлат харидлари тизимида ахборот хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш мақсадида электрон рақамли имзо орқали амалга оширилаётган операцияларни ихтиёрий равишгда СМС код билан тасдиқлаш имконияти яратилди. Бу операцияларга тузилган шартнома бўйича тўлиқ тўловни амалга ошириш ва унинг бажариш муддатларини узайтириш каби амаллар киради.
Жорий йилда yarmarka.uzex.uz савдо тизим мижозларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, сезиларли даражада модернизация қилинди. Яъни, савдо иштирокчиларининг шартномавий интизомини мустаҳкамлаш мақсадида, ушбу савдо тизимида тузилган битимлар ижросини ҳисоб-китоб клиринги палатаси орқали кафолатлаш механизми илк бор жорий этилди.
Бир вақтнинг ўзида, ушбу савдо тизимининг мобиль иловаси ҳам жорий этилди. Унда yarmarka.uzex.uz вебсайтининг барча функциялари ҳавола этилган.
Жорий йилнинг яна бир янгиликларидан бири – биржанинг логистика портали transport.uzex.uz да махсус электрон савдо тизимининг ишга туширилганлиги бўлди. Биржанинг янги электрон савдо платформаси товарларни, шу жумладан биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистик хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.
Шунингдек, биржада электрон ҳужжат айланмаси бўйича exdoc.uz янги хизмат тури ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Электрон ҳисоб-фактура хизматидан нафақат биржа савдо иштирокчилари, балки бошқа корхона ва ташкилотлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
Биржа хизматлари сифатини яхшилаш, мижозлар билан самарали мулоқотни ўрнатиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тўғридан-тўғри биржа раҳбари билан боғланиш бўйича @UzexMarkazBot ва муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш учун @UZEXfeedbackbot Telegram-ботлари яратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги юзасидан аноним хабарларини юбориш имконини берувчи @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти ҳам ишга туширилди.