
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 4-декабрдаги “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-421-сон қарори имзоланди.
Хусусан, қарорга асосан Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, давлат иштирокидаги тижорат банклари ва корхоналар ўз меҳнат жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида камида учта жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил қилиши белгиланди. Бунда:
иш вақтидан сўнг белгиланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) ташкилотлар раҳбарлари меҳнат жамоасининг жамоавий спорт турлари билан шуғулланишини ташкил қилиш чораларини кўриши;
спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари спорт мусобақалари ташкилотчиларининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиявий рағбатлантириб борилиши керак.
Шунингдек, ёшларни спорт турларида жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей каби бир неча спорт турларини ривожлантириш асосий йўналишлар этиб белгилаш, ёшларнинг жамоавий спорт турларига қизиқишини ошириш, уларнинг жамоавий спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақаларини тизимли ўтказиб боришни йўлга қўйиш;
жамоавий спорт турлари бўйича замонавий спорт объектларини барпо этиш, мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таминлаш каби ва яна бир қанча мақсадлар белгиланган.
Мазкур қарор ижроси доирасида Ўзбекистон республика товар хом ашё биржасида Бошқарув раиси ўринбосари З.Камолов Биржада жамоавий спорт тури бўйича спорт клублари фаолиятини ташкил этишга масъул этиб белгиланди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖда ходимлар ўртасида шашка ва шахмат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб келинмоқда. Ғолиблар жамоа ўртасида эълон қилинмоқда ва эсдалик совғалар билан тақдирланмоқда.
Биржанинг Касаба уюшмаси томонидан ходимлар учун турли спорт клубларига, жумладан спорт ва фитнес залларига, сузиш ҳавзаларига бир неча ойлик абонементлар олиб берилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-сентябрдаги “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон Фармонида Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишнинг ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишларидаги ислоҳотларида ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган ёшлар қамровини кенгайтириш (1.4 банд), бунда оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш орқали ёшлар қамровини 8 миллиондан ошириш ҳамда спорт билан шуғулланишга жалб қилинган аҳоли улушини 36 фоизга етказиш каби бир қанча вазифалар белгиланган эди.
Бундан кўриниб турибдики, ҳукумат томонидан аҳолининг оммавий спорт билан шуғулланиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу орқали аҳолининг ўртача умрини оширишга, кам ҳаракатлилик оқибатидан келиб чиқадиган ҳасталикларнинг олдини олишга эришилади.