Ўзбекча оҳанг, ўзбекча тафаккур, миллий тил қолипи ва мазмун...
Aлишер Навоий номидаги Tошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасининг тақдимотида мазкур мавзуларда батафсил сўз юритилди.
“O‘zbekiston nashriyoti” давлат унитар корхонасида нашр қилинган ушбу китоб – 4 боб, 528 саҳифадан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан ҳамкорликда чоп қилинган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси қайта тўлдирилган 9-нашрдир.
Ушбу китобда ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланадиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб қоидалари масалаларига урғу берилган, мазкур ҳужжатлар тегишли намуналар билан кўрсатилган, шунингдек, иш юритишга оид луғатлар киритилган.
Қўлланма биринчи навбатда, ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиб-референтлар, кадрлар хизмати ходимларига мўлжалланган, шунингдек ундан ҳисобчилар, адлия маслаҳатчилари, аудитор, менежерлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
Янги нашр тақдимотида сўз чиққанлар, мазкур тўпламнинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб, унинг давлат тили нуфузини оширишдаги муҳим қадам эканини алоҳида эътироф этишди.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бўлим мудири Шаҳобиддин Мусаев, мазкур янги нашр бугунга қадар қарийб 4 мингдан ортиқ нусхада чоп этилиб, кўплаб давлат ташкилоти ва муассасасаларига бепул тарқатилгани, келгусида талаб ва эхтиёжга қараб яна нашр этилишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида: Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан яқинда 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳам чоп этилганди. Шунингдек, Давлат тилини ривожлантириш департаменти Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси географик объектлари номларининг давлат тилида ёзилиши йўриқномаси” ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси географик объектлари номларининг ўзбек тилида ёзилиши йўриқномаси” каби амалий қўлланмаларини ҳам тайёрлади.
Тадбирда департамент раҳбарияти бу борадаги эзгу ишлар тўхтаб қолмаслиги, жорий йил якунига қадар 10 дан ортиқ шу йўналишдаги китоблар чоп этилиши режалаштирилганини билдирди.
Умида Бойзоқова
Қурилиш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси