Якунига етган 2018 йил мамлакатимизда жамиятимизнинг барча соҳаларида юз берган динамик ҳодисаларга бой бўлди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да халқнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилувчи кенг миқёсли лойиҳалар амалга оширилди. Мазкур ижобий ўзгаришлар бозор принциплари асосида ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки билан юз берганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир. Мамлакатимиз раҳбари бир неча маротаба Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона йўли – ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш, деб таъкидлагани ҳам бежизга эмас.
Ўтган йилда содир бўлган катта ўзгаришлар бозор инфратузилмасининг асосий шаклларидан бири ҳисобланган биржа институтлари соҳасига ҳам таъсир ўтказди. Хусусан, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси 2018 йилда ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Бунга биринчи ўринда товар бозорлари, биржа фаолияти ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши туртки берди.
Умуман олганда, ўтган йил давомида “ЎзРТХБ” АЖ да очиқ биржа савдолари орқали ички ва ташқи бозорларга сотиладиган товарлар ҳажми ўсди ва уларнинг номенклатураси кенгайди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорларнинг моддий-техника ресурсларидан фойдаланиш имконияти ошди, товар бозорларида соғлом рақобат кучайди ва реал бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда товарларга нарх белгилашнинг замонавий механизми жорий этилди. Шу билан бирга, ЎзРТХБ ўз мижозлари учун янги хизматларни тақдим этган ҳолда бизнес жараёнларга инновацион ечимларни фаол равишда жорий этишни давом эттирди.
Биржанинг товар айланма динамикаси унинг фаолиятини баҳолашда энг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида ўтган йил якунларини яққол намоён этмоқда. 2018 йилда ЎзРТХБ да имзоланган битимларнинг қиймати 31,8 трлн сўмни ташкил қилди, бу эса 2017 йилги натижадан 2,3 баробар ортиқ эканлигини кўрсатди. Бундан биржа савдоларининг улуши 90 фоиз ёки 28,7 трлн сўмни ташкил қилади. Сотув ҳажмининг реал ўсиши қуйидаги биржа товарлари бўйича қайд этилган: Минерал ўғитлар – 8 карра, дизель ёқилғиси – 7 карра, қора металл прокати – 4 карра, пахта линти – 2,5 баробар, цемент – 61% ва полипропилен – 40,2% га ошган. Биржанинг котировка варағига 9,5 мингта янги стандарт шартномалар киритилган, шу жумладан 112 та янги шартномалар экспорт позициялари учун очилди.
Биржа айланмасининг ўсиши натижасида электрон савдоларга 37 мингдан зиёд янги мижозлар жалб этилди, уларнинг асосий қисмини тадбиркорлар ташкил қилади. Шу ўринда биржада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2017 йилга нисбатан 70% га ўсиб, 15,9 трлн сўмга етди. Улар биржа орқали 11,2 трлн сўмга тенг товарларни харид қилишган ва ўзларининг 4,7 трлн сўмлик маҳсулотларини сотишган.
Ушбу кўрсаткичлар бир томондан мамлакатимизда сон ва сифат жиҳатдан тадбиркорлик фаолияти ривожланаётганлигидан далолат берса, яна бир томондан улар замонавий савдо операцияларини амалга оширишдан асосли равишда манфаатдор эканлигини ҳам намоён этмоқда.
Шу билан бирга ЎзРТХБнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланган электрон тижорат соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар қайд этилди. 2018 йилда avtoraqam.uzex.uz сайтида 24,0 мингдан зиёд автомобиль рақам белгилари сотилди. Авторақамлар савдоси ўтган йилнинг июль ойида уларнинг бошланғич нархлари пасайтирилгандан сўнг кескин ошди. Онлайн аукцион орқали сотилган автомобиллар учун давлат рақам белгиларининг умумий қиймати 121,7 млрд сўмдан ошиб кетди, уларнинг ўртача баҳоси эса 5,1 млн сўмни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида кўргазма-ярмарка савдолари платформасида В2В келишувларнинг ҳажми 1,1 трлн сўмдан ошди. Бу борада энг катта улушларни кимё саноати (38%), металл маҳсулотлари (14%), озиқ-овқат маҳсулотлари (11%) ва қурилиш материаллари (5%) эгаллайди.
2018 йилдаги яна бир янгиликлардан бири Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисидаги” Қонунининг қабул қилиниши ва “ЎзРТХБ” АЖнинг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали – xarid.uz нинг оператори этиб тайинланганлиги бўлди. Мазкур портал орқали бутун республика бўйлаб товар етказиб берувчилари, хусусан бизнес субъектлари онлайн режимда давлат буюртмаларини амалга ошириш имконига эга бўлдилар. Бу ўз навбатида давлат харидларининг очиқлигини таъминлаш, соҳада “хуфиёна иқтисодиёт” элементларини бартараф этиш ва рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.
Шуни таъкидлаш керакки, давлат харидларининг электрон тизимига киритилган яна бир муҳим янгилиликлардан бири бу – электрон харидларни фақат электрон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилиши ва шартнома шартларини бажарилиш кафолатини ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали таъминланиши бўлди.
Буларнинг натижасида, 2018 йил давомида xarid.uz портали орқали қиймати 1,9 трлн сўмдан ортиқ 513 мингта битимлар имзоланди. Шу билан бирга, бюджет ва корпоратив буюртмачилар 320,0 млрд сўм маблағ тежаб қолишга муваффақ бўлдилар. Тузилган битимларнинг 96% га яқини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тўғри келди.
Ўзбекистоннинг ташқи дунёга янада кенгрок очилиши шароитида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти ташқи алоқаларни ўрнатиш ва хорижий ҳамкорлар, биринчи навбатда, яқин қўшни мамлакатларнинг биржалари билан ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантиришга эътибор қаратди. Натижада Қозоғистоннинг “ЕТС” савдо биржаси, “Қирғизистон фонд биржаси” АЖ ва “Белоруссия универсал товар биржаси” АЖ билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди. “Москва биржаси” АЖ, “Санкт-Петербург халқаро товар – хом ашё биржаси” АЖ, “Каспий” товар биржаси” АЖ, “Тожикистоннинг Осиё фонд биржаси” АЖ ва Туркиянинг “Borsa Istanbul” фонд биржаси билан биржалараро ишбилармонлик алоқалари ўрнатилди. МДҲ Халқаро биржалар уюшмаси, Евро-Осиё фонд биржаси Федерацияси (FEAS) ва Халқаро фьючерс уюшмаси (AFМ) билан ўзаро ҳамкорлик алоқалар янада кучайтирилди.
Имзоланган келишувларни амалда татбиқ этиш ишлари доирасида биржа савдоларини ташкил қилиш юзасидан тажриба алмашилди, савдо тизимларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик борасида семинарлар, форумлар ва учрашувлар ўтказилди, томонларнинг брокерлик идоралари ўзаро аккредитация қилинди. Шу билан бирга Олма-ота ва Минск шаҳарларида ЎзРТХБнинг хорижий савдо майдончалари очилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – маҳаллий товарларни ташқи бозорларига олиб чиқишдан иборатдан. Ана шу ютуқлар самараси ўлароқ, биржада амалга оширилган экспортнинг ҳажми 2,1 каррага ошиб, 125,9 млн АҚШ долларни ташкил қилди. Экспорт тушумида энг катта улушларга пахта толаси (35%), полиэтилен (29%), мис (13%) ва саноат мойи (6%) эга бўлди.
Товар бозорларида барқарорликни таъминлаш мақсадида биржа савдоларига бевосита импорт товарларини ишлаб чиқарувчиларни жалб қилишга хизмат қилувчи бутунлай янгича бозор механизми жорий этилди. Масалан, Қозоғистоннинг “SAS-Tobe Technologies” цемент заводи 2018 йилнинг август-декабрь ойларида ЎзРТХБнинг биржа савдолари орқали қиймати 1,7 млрд сўмга тенг 4,2 минг тоннадан зиёд цемент сотди. Мазкур ишлаб чиқарувчининг импорт цементи бўйича биржа котировкаси ўртача ҳисобда 1 тонна учун 421,7 минг сўмни ташкил қилди. Бу эса резидентлар томонидан ўтган йил мобайнида олиб кирилган ва биржа савдоларида сотилган цементнинг ўртача баҳосидан 34% га паст эканлигини кўрсатди.
Шу тариқа, 2018 йил биржа савдоларини ривожлантириш ва эркинлаштириш, электрон тижоратни оммалаштириш ва биржа амалиётига инновацион ечимларни жорий қилишда муҳим давр бўлди. Бир вақтнинг ўзида “ЎзРТХБ” АЖ ўз фаолиятининг мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг янги моделига мос тарзда товар сегментларида очиқ-ойдинлик, шаффофлик ва рақобат каби анъанавий биржа принципига асосланган ҳолда муваффақиятли давом эттирди.
Хикматулло Тиллабоев
“ЎзРТХБ” АЖ Матбуот котиби