16 Июн 2017
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси акциядорлик жамияти томонидан электрон давлат харидларининг ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш натижалари ва келажакдаги истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда электрон давлат харидларининг афзалликлари ва имкониятлари, жорий йилда белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Биржа томонидан янги инновацион лойиҳаларнинг амалга оширилиши барча савдо платформаларини, шу жумладан, биржада 2011 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келаётган электрон давлат харидлари тизими жадал суръатлар билан ривожланишига имкон яратмоқда. Биржа фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларининг фаол жорий этилиши натижасида сўнгги 6 йил мобайнида давлат харидлари бўйича тузилган битимлар ҳажми 4 баробарга ўсиб, 2016 йилда 668 миллиард сўмни ташкил қилди.
2011-2016 йилларда бюджет маблағларининг тежалиши 7 баробарга кўтарилди. «D-Xarid» электрон тизимида фаол бўлган кичик бизнес субъектлари 5 мингдан 42 мингтага ошди. 2017 йилнинг биринчи чорагида электрон давлат харидларининг умумий қиймати 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга ўсиб, 114 миллиард сўмни ташкил этди.
Давлат харидлари бўйича электрон аукцион савдолар биржанинг www.uzex.uz махсус ахборот порталида ўтказилиши бюджет ташкилотлари томонидан товар ва хизматларни харид қилиш жараёнида ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлашнинг муҳим мезони ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 июлдаги қарорига асосан биржа порталининг очиқ қисмида харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадвали, электрон савдо натижалари ва бошқа маълумотлар жойлаштириб борилади. Бу давлат харидлари ўтказилиши устидан самарали жамоатчилик назорати олиб борилишини таъминлайди.
Жорий йилда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижроси доирасида биржа порталини модернизациялаш ва янгилаш ишлари ўтказилди.
Биржа мижозлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида давлат харидлари бўйича шахсий кабинетнинг функционал имкониятлари кенгайтирилди. Амалда электрон буюртмалар шаклларини тўлдириш жараёни енгиллаштирилди. Етказиб берувчилар фаолиятига баҳо бериш тизими жорий этилди ҳамда харидларнинг режа-жадвалида акс эттирилган рақамни киритиш орқали буюртмаларни автоматик тарзда шакллантиришнинг янги механизми ишга туширилди.
Давлат харидлари соҳасида электрон савдоларга янги мижозларни жалб этиш йўли билан кенг рақобатни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорларни электрон давлат харидлари тизимида аккредитациядан ўтказиш ва уларнинг электрон савдоларда иштирок этишини соддалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Нурилло Насриев, ЎзА