13 Ноя 2017
Иқтисодий муносабатлар фуқаролик жамиятининг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Иқтисодий муносабатлар ўз ўзидан пайдо бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас, улар давлат ва жамиятнинг таъсиридан шаклланади. Агар жамият иқтисодга ижтимоий нормалар орқали таъсир кўрсатса, давлат ўзи қабул қилган қонунлари асосида унинг ривожланишини таъминлаб беради.
Давлат барча мулк шаклларига бир хилда ривожланиши учун имконият яратиб, ҳуқуқий тенгликни таъминлаб беради. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг ҳусусий мулкга нисбатан алоҳида эътибор бера бошланди. Давлат мулкининг сезиларли қисми хусусийлаштирилди ҳамда тадбиркорларга бўлиб берилди. Мустақил Ўзбекистон конституциясида илк бор хусусий мулкнинг дахлсизлиги кўрсатиб ўтилди. Жумладан, конституциянинг 53-моддасида: “бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб белгиланган.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бир неча қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 45-моддасига кўра давлат: тадбиркорлик соҳасига инвестицияларни (шу жумладан чет эл инвестицияларини), замонавий технологиялар ва ускуналарни жалб этиш, экспорт-импорт операциялари, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг иштирокини кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш; тадбиркорлик фаолияти субъектларини уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик, илмий-техник ва бошқа ахборот билан таъминлаш; солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар белгилаш орқали тадбиркорликни рағбатлантиришни амалга оширади.
Бугунги кунда хусусий бизнес соҳасига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб бериш бўйича алоҳида бўлим ажратилган.
Конституция негизида қабул қилинаётган иқтисод соҳасидаги барча норматив-ҳуқуқий хужжатлар тадбиркорлик фаолияти бўйича қонунчилик базасани ўзида шакллантиради.
Шунга кўра, конституциянинг бозор иқтисодиётига асосланган демократик жамиятни қуришдаги ўрнини баҳолаш мушкулдир. Конституция бизнеснинг ривожланиши учун пойдевор вазифасини ўтаб беради ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлайди.
Юридик бўлим