Биржа технологиялари — ишбилармон кўмакчиси | Электрон мақолалар

01 Ноя 2016
Жаҳонда ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирларига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Бу биз танланган тараққиёт йўли — “ўзбек модели”нинг нақадар тўғри ва самарали эканлигидан далолат беради.
 
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мазкур ривожланиш стратегияси асосида олиб борилаётган тадрижий ислоҳотлар муваффақиятларнинг бош омили бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу жараёнда замонавий бозор инфратузилмаси, айниқса, биржа институтларини яратишга устувор аҳамият берилгани хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида халқаро стандартларга тўла мос янги иқтисодий муносабатларни ўрнатишга кенг имкониятлар яратди. Табиийки, бунда иқтисодиётимизнинг зарур бўғинларидан бирига айланган “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” (ЎзРТХБ) акциядорлик жамиятининг хизмати катта бўлмоқда. 
 
Очиғи, ЎзРТХБ ташкил топган пайтда бир неча йиллар давомида фаолият юритиб келган давлат таъминоти тизимининг ўрнини тўла эгаллай олмади. Бунинг учун, аввало, биржа инфратузилмасини яратиш, соҳага доир малакали кадрларни тайёрлаш, умуман, биржа технологияларини жорий этиш каби масалаларни ҳал этиш зарур эди. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги “Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида туб бурилиш ясади. Буни биргина мисол, замон талабларига жавоб бермайдиган тизим — товар-хом ашё ресурсларни лимит-фонд тақсимоти тўлалигича бекор қилинганида яққол кўриш мумкин.
 
Янги иқтисодий ёндашув корхоналар фаолияти самарадорлигини аниқлаш, шартнома интизомини яхшилаш баробарида, мамлакатимизда товар-хом ашё активлари бўйича шаклланаётган бозор нархлари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишда қўл келди. Бошқача қилиб айтганда, товарлар оқимининг оптималлашуви, соф рақобат муҳити яратилиши ва биржа бозорларида очиқ-ойдин нархларнинг шаклланиши Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширди.
 
Яна бир муҳим жиҳати, ҳукуматимиз томонидан биржалар фаолиятининг қўллаб-қувватланиши натижасида мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона ва ташкилот, хусусан, иқтисодиётимизнинг таянч устунига айланган кичик бизнес субъектлари учун моддий-техник ресурслардан эркин фойдаланиш учун тенг шарт-шароит яратилди. Бунинг самараси биржада тузилаётган битимлар ҳажми жадал суръатларда ўсиб бораётгани ўз ифодасини топмоқда. Яъни 2004 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида имзоланган битимлар 19 маротаба ўсиб, 8,8 трлн. сўмга етказилди. 
 
Кичик бизнес вакиллари иштирокида тузилган шартномаларларнинг ҳажми эса 23 маротаба ортиб, 303,6 млрд. сўмдан 7,1 трлн. сўмга кўтарилгани қувонарлидир. Бундай ижобий ҳолат 2016 йилнинг биринчи ярмида ҳам сақланиб, тадбиркорларимиз биржа орқали 2,86 трлн. сўмлик товар ресурсларини харид қилиш, 1,28 трлн. сўмлик маҳсулотларни сотишга муваффақ бўлдилар. Бу кўрсаткичлар тадбиркорлик ҳаракатининг сон ва сифат жиҳатдан ривожланиб бораётгани, айни чоғда, уларнинг савдо операциялари ўтказишнинг замонавий усулларига бўлган қизиқишлари юқорилигини кўрсатади. 
 
Чиндан ҳам, ўтган йили биржада 6,5 мингта янги мижоз рўйхатга олинган бўлса, шунинг 95 фоизидан ортиғини кичик бизнес вакиллари ташкил этди. Бунда битимлар ижросини кафолатлаш механизми жорий қилингани, инфратузилманинг таркибий қисми ҳисобланган ҳудудий савдо тармоқлари кенгайтирилгани муҳим аҳамият касб этди. 
 
Гап шундаки, ўтган йили тадбиркорлар иштироки билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида саксонга яқин савдо майдончалари очилди. Пировардида биржа савдоларининг электрон тизимига 800 дан зиёд брокерлик идоралари, 1800 дан ортиқ трейдерлар ҳамда 13 та ҳудудий филиал ва юртимизнинг турли шаҳар ва туманларида жойлашган 200 дан ортиқ савдо майдончалари боғланди. 
 
Биржа инфратузилмасининг ривожи тадбиркорларнинг нафақат товар-хом ашё ресурсларидан тенг фойдаланиш, балки ишлаб чиқарган  қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ЎзРТХБнинг бошқа савдо платформалари орқали сотишга муваффақ бўлишмоқда. Савдолар халқаро ахборот тармоғига уланганлиги жаҳон бозорларига чиқиш учун қўшимча қулайликларни туҳфа қилаётир. Бинобарин, ҳозирги кунда кўплаб корхоналарда ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилганки, бу, ўз навбатида, интернет аукцион савдолари ҳажми ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, сўнгги ўн йил мобайнида ярмарка савдоларининг умумий ҳажми 8 маротаба ўсиб, ўтган йили 1,1 трлн. сўмни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса ушбу кўрсаткич 780,2 млрд. сўмга етди. Маҳсулотлар савдосида фаолликни кўпроқ тадбиркорлар намоён этганлиги боис уларнинг ярмарка савдолардаги улуши 77 фоизни ташкил қилди.
 
Жорий йилда электрон тижорат негизини ташкил этувчи кўргазма-ярмарка савдолари инновацион ечимлар асосида янада токомиллаштирилди. Бунинг эвазига ярмарка тизимининг савдо ва тўлов қисмлари ягона тармоқда бирлаштирилиб, операциялар янги веб-сайт — yarmarka.uzex.uz да амалга оширила бошланди. 
 
Биржа савдо платформаларида тақдим этилаётган бундай қулайликлар маҳаллий бизнес вакилларининг давлат ва корпоратив харидларлардаги иштироки ҳам сезиларли даражада кенгайишига олиб келди. Яъни 2011-2015 йилларда электрон харидлар бўйича ўтказиладиган онлайн аукционларда қатнашган тадбиркорлик субъектларининг сони етти маротаба ўсиб, 40 мингтани ташкил этган бўлса, етказиб берилган товарлардаги улуши 98 фоиздан ошди.
 
Тадбиркорлик субъектларини электрон савдоларга кенг жалб қилиш мақсадида шу йилдан эътиборан мамлакатимизнинг барча ҳудудида фаолият юритаётган “Бир дарча” марказлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ишбилармонлар учун ишлаб чиқилган махсус веб-сайт (b2b.uzex.uz)да савдо иштирокчиларига тегишли маълумотномалар жойлаштирилаётган бўлса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)нинг “Тадбиркорлик” бўлимида ишбилармонларнинг давлат харидларида иштирок этишлари учун бюджет ташкилотларининг амалдаги талабномаларига обуна бўлиш ва онлайн-маслаҳат функцияси бириктирилган. Шунингдек, биржанинг ҳудудий филиаллари томонидан ўқув-семинар, “очиқ эшиклар куни” ва бизнес-форумлар ўтказиш анъана тусига киргани кутилган натижаларни бераётир.
 
Шу каби изчил саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда замонавий ҳамда жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган биржа механизми тўлиқ шаклланди. Келажакда бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, тадбиркорлар учун мутлақо янги истиқболларни тақдим этувчи йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу кичик бизнес субъектларига биржа технологиялари ёрдамида ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларига самарали усулда олиб чиқиш имкониятини янада кенгайтириши муқаррар. 
 
Эътироф
 
Виктор БЕРЕЗКОВ, “Pipe technologies” масъулияти чекланган жамияти директори:
— ЎзРТХБнинг электрон савдоларида иштирок этиб, унда очиқ-ойдинлик, соф рақобат ва ўзаро тенглик тамойиллари амал қилишга гувоҳ бўлдик. Чунки ушбу савдо платформалари орқали полиэтилен гранулалари сотиб олиб, қувурлар ишлаб чиқараётган бўлсак, тайёр маҳсулотни интернет орқали ярмарка савдолари ёки давлат ва корпоратив харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдоларда сотаяпмиз. 
 
Агар авваллари тадбиркорлар юқори ликвидли товарларни харид қилишда муайян қийинчиликларга учраган бўлса, бугунги кунда бунинг учун брокер билан шартнома тузишнинг ўзи кифоя. Маҳсулотларни сотиш учун эса ўз тижорат таклифларимизни шахсий кабинет орқали ярмарка савдолари тизими ёки электрон каталогда жойлаштиришимиз мумкин. 
 
Бундан ташқари, биз давлат ва корпоратив харидларда иштирок этиш мақсадида бюджет ташкилотлари ва бошқа йирик корхоналарнинг онлайн буюртмаларини мунтазам равишда кузатиб борамиз. Электрон савдоларда иштирок этиш пайтида биржанинг махсус ахборот порталида жорий этилган интерактив хизматлардан кенг фойдаланмоқдамиз. Буларнинг натижасида ўтган даврда жами 14 млрд. сўмлик товарлар олди-сотдиси бўйича битимлар имзолашга мушарраф бўлдик. 
 
Азиз АБДУҒАНИЕВ, 
“ЎзРТХБ” АЖнинг савдоларни ташкил этиш бўйича директори.
 
(Халқ сўзи 2016 йил 8 октябрь, №199 (6634) "Ислоҳот")