Ўтган ҳафта давомида, яъни 3 – 9 февраль кунлари “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг барча савдо платформаларида 37 198 та битим тузилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 22,2% га кўпдир. Уларнинг 37,1% биржа савдоларига, қолган 62,9% қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келди.
Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 107,2 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 365 та авторақамлар сотилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 13 811 та битим тузилди.
Буғдой
Ўтган ҳафтада биржа савдолари орқали 55 272,0 тонна буғдой сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 44 та харидор иштирок этди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 11 054,0 тоннани ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча маркадаги буғдойнинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 509,9 минг сўмдан 2 433,3 минг сўмгача пасайганини таъкидлаш лозим.
Техник чигит
Биржа савдоларига 48 729,0 тонна техник чигит қўйилди ва ундан 29 020,0 тоннаси, яъни 59,6% қисми сотилди.
Кўриб чиқилаётган даврда техник чигит бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 271,3 минг сўмдан 4 082,4 минг сўмгача пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 15 та харидор иштирок этди.
Карбамид
Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 14 562,0 тонна карбамид қўйилди ва унинг 5 200,0 тоннаси, яъни 35,7% қисми сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 52 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча маркали карбамиднинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 730,8 минг сўмдан 3 686,8 минг сўмгача пасайган.
Курилди: 1912