Биржанинг domain.uzex.uz янги савдо платформасида дастлабки битимлар тузилди | Новости

24 Янв 2025

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида домен номларини сотиш бўйича жорий қилинган янги domain.uzex.uz электрон савдо платформасида дастлабки битимлар тузилди.

Хусусан, ўтган даврда мазкур платформада 34,1 млн сўмлик 51 та домен номлари сотилган. Шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ўтказилган аукцион савдолари натижасида домен номларининг сотув нархи уларнинг бошланғич баҳосига нисбатан ўртача 79,4% га ўсган.

Таъкидлаш лозимки, “Премиум” тоифасидаги домен номлари сунъий интеллект (СИ)дан фойдаланилган ҳолда биржа орқали сотилади. Бунда, сунъий интеллект аукцион иштирокчиларига энг яхши вариантларни таклиф қилиш мақсадида доменлар бўйича калит сўзларнинг оммалашганлиги, тенденциялар ва уларнинг долзарблиги каби омилларни таҳлил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг domain.uzex.uz янги электрон савдо платформаси 2024 йил 14 декабрда ишга туширилган.

Фойдаланилмаётган домен номлари биржанинг domain.uzex.uz электрон савдо тизими савдоларига ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан қўйиб келинмоқда.

Курилди: 1335