Ҳудудларда пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотиш бўйича ўқув семинарлари ўтказилмоқда | Новости

23 Янв 2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 январь 2025 йилдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-7-сон Фармонини мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида кластер корхоналари, кооперативлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилмоқда.

Семинарлар тасдиқланган графикка мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия ва иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси, “Агробанк” АТБ ва маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Дастлабки семинарлар жорий йилнинг 21-23 январь кунлари Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилди.

Тадбирлар давомида семинар иштирокчиларига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотиш механизмига киритилган ўзгаришлар, шу жумладан биржада жорий этилган икки томонлама қарама-қарши аукцион ҳамда фьючерс, форвард ва спот шартномаларини тузиш тартиблари батафсил тушунтирилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда пахта хомашёси бўйича биржа савдолари икки-томонлама қарама-қарши аукцион савдо режимида, фьючерс, форвард ва спот шартномалари асосида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказилади.

Фьючерс шартномалари бўйича биржа савдолари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача ўтказилади. Биржа савдоларида иштирок этиш учун томонлар 0,1% миқдорида гаров маблағларини киритишлари лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Нью-Йорк биржасидаги сўнгги 6 ойлик фьючерс котировкаларидаги пахта толасининг ўртача котировкасидан келиб чиқиб, 2025 йил ҳосили учун пахта хомашёсининг бошланғич нархини белгилайди ва уни 2025 йил 1 февралда биржанинг uzex.uz расмий веб-сайтида эълон қилади.

Биржа савдолари давомида кластерлар пахтага талаби ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлайди. Пахта хомашёси бўйича фьючерс шартномалари эркин нархларда аммо биржада эълон қилинган бошланғич нархидан юқори даражада тузилади.

Форвард шартномалари бўйича биржа савдолари календарь йилнинг 1 ноябрдан кейинги йилнинг 1 мартигача ўтказилади. Бунда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари хўжаликлар ва қайта ишловчиларнинг ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

Биржа савдоларида иштирок этиш учун томонлар 10% гача миқдорда гаров маблағларини киритишлари лозим. Аукцион давомида битимлар ўзаро келишилган нархларда тузилади.

Фьючерс ва форвард шартномалари бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда томоннинг закалат пуллари жабрланувчи фойдасига жарима сифатида ушлаб қолинади ва биржа битими бўйича шартнома қийматининг бажарилмаган қисмининг 25 фоизи миқдорида жарима тўланади.

Спот шартномалари омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмлари бўйича ўзаро келишилган нархда реал вақт режимида тузилади. Биржа савдоларида иштирок этиш учун томонлар 10% гача миқдорда гаров маблағларини киритишлари шарт.

Спот шартномалари расмийлаштиришни режалаштирган хўжаликлар ҳар ҳосил йилининг 1 мартигача (2025 йил ҳосили учун 1 майгача) мавжуд пахта хомашёсини сақлаш омборлари (маскан) белгиланган талабларга жавоб бериши юзасидан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли идоралар томонидан берилган хулосасини ёки худди шундай хулосаси мавжуд омборлар бўйича вақтинча сақлашга тузилган ижара шартномасини “Агроплатформа” ахборот тизимига киритиши шарт.

Спот шартномалари бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда томоннинг закалат пуллари жабрланувчи фойдасига жарима сифатида ушлаб қолинади.

Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳа мутахассислари тингловчиларнинг барча қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 1114