Пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотишнинг янги механизмини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 январь 2025 йилдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-7-сон Фармони қабул қилинди.
Хусусан, қуйидаги янги механизм жорий этилади:
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳар йили 1 ноябрда (2025 йил ҳосили учун – 1 февралда) Нью-Йорк биржасидаги сўнгги 6 ойлик фьючерс котировкаларидаги пахта толасининг ўртача котировкасидан келиб чиқиб, келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсининг (биринчи нав, иккинчи синф) бошланғич нархини белгилайди ва уни Биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилади;
мулкчилик шаклидан қатъий назар, пахта хомашёси ишлаб чиқарувчи барча хўжаликлар ва кластерлар, шунингдек пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип ишлаб чиқариш занжирига эга бўлган тўқимачилик корхоналари ўртасида пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича олди-сотди шартномалари (фьючерс, форвард ва спот) Биржанинг пахта хомашё секциясида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдоларда тузилади;
хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида тузиладиган шартномалар хўжаликлар томонидан етказиб бериш муддатларини, шунингдек бир ёки бир нечта харидорни мустақил танлаш йўли билан томонларнинг эркин танлови асосида ўтказиладиган биржа савдолари орқали расмийлаштирилади;
хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасидаги барча шартномалар "Агроплатформа" ахборот тизими билан интеграциялашган маълумотлар базасига жойлаштирилади.
2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб, фьючерс шартномалари хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача биржада эркин шаклланадиган, аммо эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нарх бўйича тузилади.
Бунда фьючерс шартномаси Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан эълон қилинган бошланғич нархдан келиб чиқиб имтиёзли кредит ажратиш учун асос ҳисобланади.
Форвард шартномалари хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 мартигача ўзаро келишилган нархларда тузилади. Бунда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари хўжаликлар ва қайта ишловчиларнинг ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.
Спот шартномалари омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмлари бўйича хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархда реал вақт режимида тузилади. Хўжаликларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилганда банкка кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида ликвидли мулк тақдим этилади.
Хўжаликлар ҳар йили 1 мартгача (2025 йил ҳосили учун – 1 майгача) "Агроплатформа" АТга Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли идоралар томонидан берилган пахта хомашёсини сақлаш учун мавжуд омборларнинг (сақлаш жойларининг) белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани ёки шундай хулосага эга бўлган омборларда вақтинчалик сақлаш учун ижара шартномасини киритиши шарт.
Сақлаш учун омборлари ёки ижара шартномалари бўлмаган хўжаликлар ҳар йили 1 мартгача форвард шартномаларини ёки 1 июнгача – ўзи етиштирадиган пахта хомашёси бўйича фьючерс шартномаларини расмийлаштиради.
Шунингдек, ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан пахта хомашёси етиштирган ва уни Биржада сотган хўжаликларга ҳисобварақ-фактурада шаклланган қийматнинг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Фармоннинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар” бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.
Курилди: 1641