2024 йилнинг 26 сентябрь куни Hyatt Regency меҳмонхонасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг “Халқчил IPO” Road-show тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда KPMG консалтинг компанияси Вакили Мадина Сарсекеева, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви Раиси Зиёвиддин Бадриддинов, KAP DEPO инвестиция компанияси Директори Фаррух Хўжаев, “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ Директори Соҳиб Муродов ва KAP DEPO инвестиция компаниясининг молиявий таҳлилчиси Музаффар Розиқов маъруза қилдилар.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон молия бозорининг асосий вакиллари, жумладан, инвестиция компаниялари, банклар, суғурта ташкилотлари раҳбарлари ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти акцияларини харид қилишдан манфаатдор бўлган инвесторлар иштирок этди.
Road-show давомида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви Раиси Зиёвиддин Бадриддинов маъруза қилди ва у биржанинг сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикаси ва компаниянинг ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ҳақида маълумот тақдим этди.
Маърузада таъкидланганидек Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси яратилган инфратузилма ва савдо ҳажми бўйича МДҲ товар биржалари орасида ишончли тарзда биринчи ўринни эгаллайди. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 14 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва бу Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулотининг қарийб 15 фоизига тўғри келади.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳар йили юқори молиявий кўрсаткичларга эришиб келмоқда, бу эса компания фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлигидан далолат беради. Хусусан, 2023 йил якуни бўйича биржанинг соф фойдаси 229,2 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг шу кўрсаткичидан 8,7 баробар кўпдир. Биржанинг соф фойдаси 2024 йил якуни бўйича 321,0 млрд сўм миқдорида кутилмоқда.
“Тошкент” РФБ биржа котировкалари рўйхатига киритилган ва жойлаштирилган қимматли қоғозларнинг ликвидлигини баҳолаш методикаси”га мувофиқ жамиятнинг акциялари юқори ликвидли бўлиб, энг юқори тоифа – “Премиум класс” тоифасига киритилган ва товар биржаси ушбу тоифага киритилган ягона акциядорлик жамияти ҳисобланади.
Биржа дивидендлар тўлаш бўйича ҳам Ўзбекистонда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Охирги 10 йил давомида тўланган дивидендлар миқдори барқарор ўсишни кўрсатди ва 2023 йилда ҳар бир акция учун 2600 сўмни ташкил этиб, акция номинал қийматининг 412,7 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, сўнгги тўрт йил давомида биржа йиллик соф фойдасининг 85% дан ортиғини дивидендлар тўлашга йўналтирди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш сиёсатининг амалга оширилиши туфайли UZEX биржаси акциядорлар таркибида хорижий инвесторларнинг улуши 3,5 фоизгача ошди ва барқарор ўсишда давом этмоқда.
Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб товар-хом ашё биржалар фаолиятини лицензиялашга янги талаблар белгиланмоқда. Хусусан, ҳужжатда биржанинг устав капитали фақат пул маблағ кўринишда шакллантирилиши ва камида 100 млрд сўмни, 2025 йил 1 июлдан эса 200 млрд сўмни ташкил этиши белгилаб қўйилди.
Ушбу талабларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2024 йил охиригача устав фондини ўз капитали ҳисобидан 236 млрд сўмга етказишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, қўшимча чиқариладиган акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.
Акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда манфаатлар мувозанатидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, янги инвесторларнинг иштироки кафолатларини таъминлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ “Халқчил IPO” ни ўтказиш ва устав капиталини кўпайтириш бўйича шаффоф механизмни қўллаш ишларини амалга оширади.
Компания, одатдагидек, қонун талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, муҳим фактларни КАЯП ва “ЎзРТХБ” АЖ веб-сайтида тўлиқ ошкор қилишни режалаштирмоқда.
Келгусида биржада барча савдо платформаларида товар айланмасининг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, соф фойданинг йиллик ўсишини таъминлаш, биржа савдоларининг шаффофлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, ходимлар ва биржа аъзоларининг малакасини ошириш ҳамда янги савдо воситаларини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Тадбир давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига бағишланган видеоролик ва тақдимот намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари биржанинг савдо платформалари ва электрон тизимлари, “ЎзРТХБ” АЖ савдоларининг асосий афзалликлари, молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар, ҳисобланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, UZEX биржасини стратегик ривожлантириш бўйича узоқ муддатли режалар билан танишдилар.
Мазкур “Халқчил IPO” “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ устав фондининг 4,44% акцияларини (3 млн донадан ортиқ) сотишни назарда тутади, уларни жойлаштириш нархлари диапазони ҳар бир акция учун 12 900 сўмдан 18 000 сўмгача, ҳар бир буюртмадаги акцияларнинг минимал сони - 1 та, максимал сони - 1000 та акция. Буюртмаларни йиғиш 2024 йил 27 сентябрдан 28 октябргача, битимларни бажарилиши ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш 2024 йил 1 ноябргача режалаштирилган.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш бўйича “Халқчил IPO” да иштирок этиш учун Сиз “E-AUKSION” электрон савдо платформаси ёки “GO INVEST” мобил иловаси орқали ариза топширишингиз мумкин.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси акциядори бўлишнинг ноёб имкониятини қўлдан бой берманг!
Курилди: 3589