Сурхондарёда биржа фаолияти бўйича медиа-тренинг ўтказилди | Новости

25 Сен 2024

Жорий йил 25 сентябрда Сурхондарёда журналистлар ва тадбиркорлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларини тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча савдолар шаффофлик, тенг шароитларни таъминлаш ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади, тузилган битимларнинг бажарилиши эса кафолатланади. Бу, ўз навбатида, товар бозорларида нархларни талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда соф рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.

Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, замонавий IT-технологиялар ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.

Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлар биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Биржанинг Call-марказига ҳар куни биржа фаолияти масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 150 га яқин онлайн мурожаатлар келиб тушади.

Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Биржа механизмларнинг афзалликлари туфайли биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 26 та савдо майдончалари, 82 та брокерлик идоралари ва қарийб 227 та трейдерлар фаолият юритади.

2024 йил январь – август ойларида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 1,7 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 99% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Сурхондарё вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.

Биржа мижозларига қулайлик яратиш мақсадида биржа савдолари ва давлат харидлари платформалари такомиллаштирилди. Хусусан, брокер ва трейдерлар хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг янги механизми ишга туширилди. Бунда брокерлик хизматлари учун тўловларни биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш имкони яратилди.

Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра қуйидагилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

биржа савдолари шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

биржа ахборот технологиялари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, электрон савдо платформаларини доимий равишда модернизaция қилиб бориш;

биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, жойларда савдо иштирокчилари орасида биржа механизмларини кенг тарғиб қилиш;

товар деривативлари ҳамда қарама-қарши аукцион савдоларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш.

Шунингдек, қарор билан биржа фаолиятини кенгайтириш, соҳага янги молиявий воситаларни жорий қилиш ҳамда савдо иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Шунингдек, жаҳон бозорида пахта толасига талаб ва таклиф ўзгаришлари натижасида пахта толасининг нархлари 2024 йил ҳосили прогноз нархларига нисбатан пасайиб кетганлиги сабабли республикадаги пахта хомашёси етиштирувчиларнинг кафолатли миқдорда даромад олишларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Пахта хомашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 574-сон қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарорига кўра пахта хомашёси етиштирувчилар ва қайта ишловчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди. Бунда биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, 2024 йил ҳосилидан фьючерс шартномаларидан ташқари пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқаришда унинг бошланғич нархи бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўм миқдорида белгиланди.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Сурхондарё вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирилди.

Шу билан бирга матбуот ходимлари ва тадбиркорлар биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан таништирдилар.

Медиа-тренинг давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 3235