Биржа аъзолари учун семинар ўтказилди | Новости

24 Сен 2024

2024 йил 24 сентябрь куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг марказий биносида биржа аъзолари учун “Биржа аъзолари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби” мавзусида ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти тўғрисида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

“Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖ Комплаенс-назорат ва ахборот хавфсизлиги Бош бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда марказий аппарат ходимлари ва биржа аъзолари, шу жумладан ҳудудий филиалларда фаолият юритувчилар видеоконференция дастури орқали иштирок этди.

Семинарда, биржа аъзолари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида мамлакатимизда сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги ва бундай турдаги иқтисодий жиноятларнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий муросасизлик маданияти шаклланаётгани ҳамда ушбу йўналишда қўлланиладиган қонун ҳужжатлари, ички назоратнинг мақсад ва вазифалари, ички назоратни ташкил этиш тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг мақсади товар ёки молия бозорларида рақобатнинг чекланишига, шунингдек рақобат ёки табиий монополия шароитларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни назорат қилишни амалга ошириш ҳамда уларга чек қўйиш билан боғлиқ бўлган, рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Семинар давомида биржа аъзолари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳамда Рақобат тўғрисидаги қонун юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Курилди: 2493