Товар хом-ашё биржалар фаолиятига доир Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди | Новости

16 Сен 2024

Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб товар-хом ашё биржалар фаолиятини лицензиялашга янги талаблар белгиланмоқда.

Шунингдек, қуйидагилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

биржа савдолари шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

биржа ахборот технологиялари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, электрон савдо платформаларини доимий равишда модернизaция қилиб бориш;

биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, жойларда савдо иштирокчилари орасида биржа механизмларини кенг тарғиб қилиш;

товар деривативлари ҳамда қарама-қарши аукцион савдоларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш.

Шунингдек, қарор билан биржа фаолиятини кенгайтириш, соҳага янги молиявий воситаларни жорий қилиш ҳамда савдо иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий актлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.

Курилди: 1710