2024 йил 31 июлда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2024 йил 1-ярим йил якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, 2024 йил 1-ярим йиллигида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг аcосий йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, 2024 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг 1-ярим йиллигига нисбатан 24,5% га ўсиб, 85,3 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 74% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 26% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
2024 йилнинг 6 ойлик якунларига кўра биржада 116,6 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67% кўпдир.
Биржа савдолари орқали хусусий сектор субъектлари томонидан 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар сотилди.
Ўтган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “яшил энергетика секцияси”да илк бор “яшил энергия” сертификатлари сотила бошлади.
Хусусан, ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра биржа орқали 257,2 млн сўмлик қарийб 19 000 та сертификатлар сотилди. Сертификатлар бўйича биржада шаклланган биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13565,2 cўмни ташкил қилди.
“Яшил энергетика” сертификатларини биржа савдолари орқали сотилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилишда имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради.
Шунингдек, биржа савдолари орқали 260 тонна артемия цисталари сотилиб, маҳсулотнинг бир тоннаси ўртача 260 млн сўмни ташкил қилди. Биржа савдолари давомида бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхона 121,3 млрд сўмлик қўшимча даромад олди.
2024 йил 6 ойлик якунига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали умумий қиймати 876,5 млрд сўмлик 1,3 тонна қимматбаҳо металлар сотилди. Бунда, биржа орқали сотилган олтиннинг қиймати 873,5 млрд сўм, кумушники – 3,0 млрд сўмни ташкил қилди.
Биржа орқали сотилган қимматбаҳо металларнинг сотув ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 маротабага ошди.
2024 йил январь-июнь ойлари давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтин бўйича шаклланган биржа котировкаси 1 грамм учун 794,2 минг сўмдан 944,7 минг сўмгача, яъни 19% га ўсди.
2024 йил 11 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарорига мувофиқ жорий йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали сотила бошлади.
Жорий йил 1-29 июль кунларида очиқ биржа савдолари орқали 180 минг тонна буғдой 2 900 дан зиёд маҳаллий ғалла етиштирувчи фермерлар ва ғаллачилик кластерлари томонидан сотилди.
Ўтган даврда буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 555,1 минг сўмни ташкил қилди. Биржада буғдой бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига нисбатан 0,6% га ўсди.
Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.
Кўриб чиқилаётган даврда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 6% га ошиб, 21,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 21% га ўсиб, 4,7 трлн сўмга тенг бўлди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 426,2 млрд сўмлик 104,9 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сони ва ҳажми бўйича уч баробарга ўсди.
Сотилган авторақамларнинг 97% жисмоний шахсларга ва қолган 3% юридик шахсларга тўғри келган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 1,7 млн сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 517,1 млн сўмни ташкил қилди.
2024 йилнинг январь-июнь ойлари давомида биржанинг mobilraqam.uzex.uz савдо тизими орқали жами 13,1 млрд сўмли 3 224 та мобиль рақамлар сотилди. Сотилган мобиль рақамларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага ўсди.
Шунингдек, жорий йил апрель ойида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва Ягона интегратор “UZINFOCOM” МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур меморандум Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо тизими орқали домен номлари онлайн аукцион савдоларини ташкиллаштиришни назарда тутади.
Биржанинг истиқболдаги режаларига биржа савдолари бўйича янги аукцион режимларини жорий қилиш, давлат харидлари бўйича бизнес жараёнларни рақамлаштириш ва янги мобиль иловаларни ишлаб чиқиш ҳамда мижозлар учун қўшимча хизмат турларини жорий қилиш киради.
Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Курилди: 4982