Навоийда биржа фаолияти бўйича медиа-тренинг ўтказилди | Новости

26 Июл 2024

Жорий йил 26 июлда Навоийда журналистлар ва тадбиркорлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларини тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча савдолар шаффофлик, тенг шароитларни таъминлаш ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади, тузилган битимларнинг бажарилиши эса кафолатланади. Бу, ўз навбатида, товар бозорларида нархларни талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда соф рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.

Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, замонавий IT-технологиялар ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.

Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлар биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Биржанинг Call-марказига ҳар куни биржа фаолияти масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 150 га яқин онлайн мурожаатлар келиб тушади.

Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Биржа механизмларнинг афзалликлари туфайли биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 6 та савдо майдончалари, 68 та брокерлик идоралари ва қарийб 123 та трейдерлар фаолият юритади.

2024 йил январь – июнь ойларида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 4,1 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 89% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Навоий вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.

Биржа мижозларига қулайлик яратиш мақсадида биржа савдолари ва давлат харидлари платформалари такомиллаштирилди. Хусусан, брокер ва трейдерлар хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг янги механизми ишга туширилди. Бунда брокерлик хизматлари учун тўловларни биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш имкони яратилди.

Биржанинг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида иштирок этиш учун керак бўладиган воситачилик йиғими ва закалат маблағларини ҳисоблаб берувчи калькулятор жорий этилди.

Шунингдек, 2024 йил 11 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарорига мувофиқ жорий йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали сотила бошлади.

Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Навоий вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирилди.

Шу билан бирга матбуот ходимлари ва тадбиркорлар биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан таништирдилар.

Медиа-тренинг давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 2883