Биржада буғдойнинг нархи пасаймоқда | Новости

16 Июл 2024

2024 йил 11 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарорига мувофиқ жорий йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали сотила бошлади.

Жорий йил 1-12 июль кунларида очиқ биржа савдолари орқали 53,1 минг тонна буғдой 469 та маҳаллий ғалла етиштирувчи фермерлар ва ғаллачилик кластерлари томонидан сотилди.

Ўтган даврда буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 605,5 минг сўмни ташкил қилди. Биржада буғдой бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига нисбатан 0,4% га ўсди.

Шу билан бирга, 1-12 июль кунларида ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра 3-синф буғдойнинг ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 694,1 минг сўмдан 2 579,2 минг сўмгача, яъни 4,3% га пасайди.

Буғдой учун кунлик котировкаларнинг пасайишига биржа бозорининг мазкур сегментида таклифнинг етарли даражада бўлганлиги ўз ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.

Курилди: 5196