Этил спиртини биржа савдолари орқали сотиш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди | Новости

28 Июн 2024

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида” 03.06.2024-yildagi ПФ-84-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида истеъмол этил спирти алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун катта лотлар (400 даллдан ошмаган лотлар), бошқа ишлаб чиқарувчилар (хизмат кўрсатувчилар) учун эса — кичик лотлар (10 даллдан ошмаган лотлар) орқали сотилади.

Фармон талабларига мувофиқ, истеъмол ва техник этил спирти харид қилишга талабгор ишлаб чиқарувчилар, давлат органлари ва ташкилотлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ахборот тизимига (ЭРИ калити орқали - https://client.uzex.uz/uz/alcoholtrading) харид қилиш жараёнларида истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш ҳажми ва мақсадлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради. Агар маълумот биржа порталига жойлаштирилмаса, харидор спирт сотиб олиш бўйича биржа савдоларида қатнаша олмайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ва Солиқ қўмитасига этил спирти харидлари тўғрисидаги маълумотлар маҳсулот миқдори ва харид мақсади кесимида ахборот тизими орқали онлайн режимда мунтазам равишда тақдим этиб боради.

Фармоннинг тўлиқ матни билан «ЎзРТХБ» АЖ расмий вебсайтининг “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар” бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.

Курилди: 4202