Хоразмда биржа фаолияти бўйича медиа-тренинг ўтказилди | Новости

24 Июн 2024

Жорий йил 24 июнда Хоразмда журналистлар ва тадбиркорлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Хоразм филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларни тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча савдолар шаффофлик, тенг шароитларни таъминлаш ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади, тузилган битимларнинг бажарилиши эса кафолатланади. Бу, ўз навбатида, товар бозорларида нархларни талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда соф рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.

Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, замонавий IT-технологиялар ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.

Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлар биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Биржанинг Call-марказига ҳар куни биржа фаолияти масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 150 га яқин онлайн мурожаатлар келиб тушади.

Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Биржа механизмларнинг афзалликлари туфайли биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Хоразм филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 16 та савдо майдончалари, 111 та брокерлик идоралари ва қарийб 200 та трейдерлар фаолият юритади.

2024 йил январь – май ойларида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 3,2 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 90% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Хоразм вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.

Биржа мижозларига қулайлик яратиш мақсадида биржа савдолари ва давлат харидлари платформалари такомиллаштирилди. Хусусан, брокер ва трейдерлар хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг янги механизми ишга туширилди. Бунда брокерлик хизматлари учун тўловларни биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш имкони яратилди.

Биржанинг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида иштирок этиш учун керак бўладиган воситачилик йиғими ва закалат маблағларини ҳисоблаб берувчи калькулятор жорий этилди.

Шунингдек, pentesting-киберхавфсизлик амалиётини ўтказиш орқали биржанинг давлат харидлари тизимларида ахборот хавфсизлиги кучайтирилди.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Хоразм вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирилди.

Шу билан бирга матбуот ходимлари ва тадбиркорлар биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан таништирдилар.

Медиа-тренинг давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 515