Биржада 2024 йил 1-чорак якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди | Новости

17 Май 2024

2024 йил 17 майда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2024 йил 1-чорак якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2024 йил 1-чорагида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг аcосий йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Хусусан, 2024 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг 1-чорагига нисбатан 36,6%га ўсиб, 48,2 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 78% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 22% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон фармонига мувофиқ, 2024 йил январь-март ойларида 28 мингдан зиёд фермер хўжаликлари томонидан фьючерс шартномалари асосида 1723,4 минг тонна пахта хомашёси биржа савдолари орқали сотилди.

Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра пахта хомашёсининг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8284,0 минг сўмни ташкил қилди. Бунда пахта хомашёсининг биржада шаклланган нархи аукцион эвазига унинг бошланғич баҳоси (7800,0 минг сўмни)га нисбатан ўртача 6,2%га ўсди.

Ўтган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “яшил энергетика секцияси”да илк бор “яшил энергия” сертификатлари сотила бошлади.

Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра биржа орқали 94,7 млн сўмлик қарийб 7000 та сертификатлар сотилди. Сертификатлар бўйича биржада шаклланган дастлабки биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13360,0 сўмни ташкил қилди.

“Яшил энергетика” сертификатларини биржа савдолари орқали сотилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилишда имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради.

Кўриб чиқилаётган даврда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 6,6%га ошиб, 10,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 79%га ўсиб, 3,0 трлн сўмга тенг бўлди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 212,2 млрд сўмлик 52,6 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон ва ҳажми бўйича 3,2 баробарга ўсди.

19 апрель куни Самарқандда илк бор “Бозор инфратузилмаси ва воситачиларнинг иқтисодиётдаги ўрни” мавзусидаги нуфузли ConFEAS 2024 халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси (FEAS) билан биргаликда ташкиллаштирилди ва ўтказилди.

Тадбирда дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи хорижий товар, фонд ва валюта биржалари, клиринг ташкилотлари, инвестицион компаниялар, IT-компаниялар, халқаро молиявий ва консалтинг ташкилотларининг 200 дан ортиқ делегатлари иштирок этди.

Тадбир доирасида жаҳон биржалари индустрияси ривожланишининг сўнгги тенденциялари ва истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг тақдимоти ўтказилди.

Халқаро биржа форуми натижаларига кўра хорижий экспертлар нафақат Ўзбекистонда фаолият юритаётган биржаларга балки мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо беришди.

Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича қайта сертификатлаш аудити ҳамда ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича кузатув аудитидан муваффақиятли ўтди.

Мазкур халқаро сертификатлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа хизматлари юқори сифат даражасида кўрсатилаётганлигини тасдиқлайди ва биржа фаолиятини мунтазам равишда такомиллаштириб боришга кўмаклашади.

Биржа мижозларига қулайлик яратиш мақсадида биржа савдолари ва давлат харидлари платформалари такомиллаштирилди. Хусусан, брокер ва трейдерлар хизматлари учун ҳисоб-китобларини амалга оширишнинг янги механизми ишга туширилди. Бунда брокерлик хизматлари учун тўловларни биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш имкони яратилди.

Шунингдек, pentesting-киберхавфсизлик амалиётини ўтказиш орқали биржанинг давлат харидлари тизимларида ахборот хавфсизлиги кучайтирилди.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 5011