Бухорода хорижий экспертлар иштирокида семинар ўтказилди | Новости

22 Апр 2024

2024 йил 22 апрелда АҚШ экспертлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиалига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мутахассислари, брокерлари ва савдо иштирокчилари учун товар деривативлар бозорлари бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказиш ва уларда мазкур соҳада зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлди.

Тадбирда, шунингдек, тадбиркорлар, фермерлар, товар ишлаб чиқарувчилар ва биржа савдолари бўйича мутахассислар иштирок этишди. Тадбир очиқ мулоқот кўринишда бўлиб ўтди, унда қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларни спикерларга бериб, батафсил жавоблар олдилар.

Семинарда АҚШ биржалари ва биржа бозорларини тартибга солувчи ташкилотлар мисолида товар деривативларининг асосий тушунчалари ва ўзига хос хусусиятлари атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, мазкур бозорнинг ҳуқуқий асослари ва асосий вазифалари, унда амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби ҳамда бозорнинг таркибий тузилмаси ўрганилди.

Тренинг давомида товар деривативлари бўйича биржа савдо қоидалари, брокерларни лицензиялаш ва савдо иштирокчиларни аккредитациядан ўтказиш, биржа шартномаларнинг спецификацияси, савдоларни бошқариш, тартибга солиш ва назорат қилиш, бозор ликвидлигини таъминлаш ва соҳада солиқ маъмурчилиги каби масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Алоҳида эътибор Марказий контрагентнинг деривативлар бозорида тутган ўрни ва нархлар ўзгарувчанлигидан келиб чиқадиган хатарларни хежерлаш, яъни суғурталаш масалаларига қаратилди. Кафолатли таъминлаш, очиқ позицияларни ёпиш ва реал товарларни етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, товар деривативлар бозорини шакллантирилиши корхоналар ўз фаолиятини самарали ва аниқ режалаштиришлари, ишлаб чиқаришни кенгайтиришлари ва янги иш ўринларини яратишлари мумкин.

Семинар иштирокчилари олинган маълумотларни амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтдилар.

Курилди: 3394