2024 йил 2 апрель куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича қайта сертификатлаш аудити муваффақиятли якунланди.
Бундан, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) баҳолаш мезонлари асосида CERT International (Словакия) сертификатлаштириш органи томонидан ўтказилган аудит натижалари далолат беради.
Аудиторлар ҳисоботига кўра, биржа фаолиятининг асосий ижобий жиҳатлари компанияда ёш ва малакали кадрларнинг мавжудлиги, бизнес жараёнларининг мунтазам равишда такомиллаштириб борилиши, аудит давомида яратилган очиқ ва конструктив муҳит, бошқарув тизимида раҳбарият томонидан намоён этилаётган етакчиликдан иборат.
Аудит давомида компания фаолияти жараёнлари - ходимларни ишга қабул қилиш, биржа аъзоларини аккредитациядан ўтказиш, биржа савдолари ва давлат харидларини ташкил этишдан тортиб то турли йўналишдаги фаолият бўйича контрагентлар ва бизнес ҳамкорлар билан ишлаш жараёнларигача ўрганилди.
ISO 37001:2016 халқаро стандарти биржа фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олиб, компания бизнес жараёнларни юқори даражада шаффоф, қонуний ва энг илғор жаҳон амалиёти асосида юритиш қобилиятига эга эканлигини тасдиқлайди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий мақсади самарали ва шаффоф механизмларни яратишдан иборатдир.
Бунинг учун, ўтган давр мобайнида, биржада коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати ва халқаро амалиёт талабларига жавоб берадиган зарур шароитлар ва механизмлар яратилди.
Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Комплаенс-назорат ва ахборот хавфсизлиги бош бошқармаси самарали фаолият юритиб келмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш хизматининг юқори раҳбарият билан бевосита ва тўғридан-тўғри ўзаро алоқасини таъминлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ Кузатув кенгаши томонидан коррупцияга қарши курашиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича масъул этиб Кузатув кенгашининг аъзоси Зияев Азиз Абдуҳакимович тайинланди.
Бундан ташқари, биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси сифат менежменти тизимининг навбатдаги кузатув аудитидан ҳам муваффақиятли ўтди ва биржа савдолари, электрон давлат харидлари ва электрон тижоратни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мос деб топилди.
Бунда, биржанинг юқори малакали бўлим бошлиқлари ва барча ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашуви, профессионал аҳил жамоа, ахборотни таҳлил қилишда статистик усулларидан фойдаланиш ва илғор технологияларни кенг қўлланилиши компаниянинг кучли томонлари сифатида қайд этилди.
Мазкур халқаро сертификат, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа хизматлари юқори сифат даражасида кўрсатилаётганлигини тасдиқлайди ва биржа фаолиятини мунтазам равишда такомиллаштириб боришга кўмаклашади.
Курилди: 865