19 апрель куни Самарқандда илк бор “Бозор инфратузилмаси ва воситачиларнинг иқтисодиётдаги ўрни” мавзусидаги нуфузли ConFEAS 2024 халқаро анжумани бўлиб ўтди.
Халқаро биржа анжумани Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси (FEAS) томонидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси кўмаклигида ташкиллаштирилди.
Анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад жаҳон биржалари индустрияси ривожланишининг сўнгги тенденциялари ва истиқболлари, биржа савдоларини ўтказишда назорат ва инновацияларнинг тутган ўрни, замонавий капитал бозорларидаги муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилиш ҳамда етакчи соҳа экспертлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат эди.
Тадбирда дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи хорижий товар, фонд ва валюта биржалари, клиринг ташкилотлари, марказий депозитарийлар, тижорат банклари, инвестицион компаниялар, дастурий ечимлар провайдерлари ва IT-компаниялар, халқаро молиявий ва консалтинг ташкилотларининг 200 дан ортиқ делегатлари иштирок этди.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов ўзининг кириш сўзида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган халқаро биржа форуми биржа савдолари ривожланишига доир долзарб мавзуларни муҳокама қилиш ва етакчи соҳа экспертлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда биржалараро ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали майдон эканлигини таъкидлади.
Форумнинг панель муҳокамаларида молия бозори инфратузилмаларининг архитектураси, капитал бозорларининг ривожланиш тенденциялари ва муаммолари, бозорларни тартибга солиш масалалари, муқобил биржа воситалари ва технологиялари, молиявий воситачилик, клиринг ва риск-менежмент, ESG бошқаруви ва инвесторлар билан алоқалар каби мавзулар кенг муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда Bloomberg, АҚШ Товар фьючерслари бўйича комиссияси (CFTC), Gryphon Holdings, Voelter Financial Advisory каби нуфузли ташкилотларнинг етакчи экспертлари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Руминия, Шимолий Македония, БАА, Хитой, Ҳиндистон, Сингапур, Таиланд, Туркия, Иордания, Уммон, Эрон, Замбия, Нигерия, Қозоғистон, Тожикистон, Грузия ва Арманистон каби мамлакатларнинг биржалари, марказий депозитарийлари ва консалтинг компаниялари вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари “Капитал бозорларидан ташқари воситалар, технологиялар ва синергия” ва “ESG бошқаруви ва инвесторлар билан алоқалар” мавзуларидаги ConFEAS 2024 панель сессияларида сўзга чиқдилар.
Биржа экспертлари ўз чиқишларида биржа савдоси ва электрон тижорат соҳаларида эришилган сўнгги ютуқлар, жумладан, корпоратив бошқарувнинг самарадорлиги ва “яшил энергия сертификатлари”ни сотиш бўйича янги воситаларни жорий этиш натижалари ҳақида сўзлаб бердилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси айни пайтда МДҲ мамлакатларидаги энг йирик товар биржаларидан бири ҳисобланади. Биржанинг йиллик товар айланмаси Ўзбекистон ЯИМ нинг
15 фоизига тўғри келади.
UZEX биржаси биржа савдоларини ташкиллаштиришдан ташқари, давлат харидларининг оператори ҳисобланади ҳамда электрон тижорат бўйича йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширади. Бу эса Ўзбекистон биржасини жаҳон биржалари индустриясида ноёблигини кўрсатади.
Бунда, биржанинг барча савдо платформаларида савдолар ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, бозор нархларининг шаклланиши тенг даражада таъминланади ҳамда тузилган битимларнинг бажарилиши клиринг тизими орқали кафолатланади.
Биржа томонидан қўлланилаётган илғор IT-технологиялар амалдаги савдо ва ҳисоб-китоб инфратузилмасининг узлуксиз, юқори даражада ишлаши ва носозликларга бардошлигини таъминлаш имконини беради.
Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалари ҳақида тақдимот ҳам ўтказилди ҳамда биржа тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Ўз навбатида, халқаро ташкилотлар, хорижий компания ва биржаларнинг раҳбарлари ва экспертлари, ҳамда халқаро биржа форумининг бошқа иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан биржа савдолари соҳасида эришилган ютуқларни юқори даражада баҳоладилар.
Анжуман давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарияти АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ва Товар фьючерслари бўйича комиссияси (CFTC), NASDAQ фонд биржаси, Phillip Capital халқаро брокерлик компанияси, Exberry ва Baymarkets дастурий таъминот провайдерлари ва бошқа нуфузли халқаро экспертлар билан икки томонлама музокаралар ўтказдилар.
Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра биржа савдоларини ташкиллаштиришда тажриба алмашиш, брокерлар ва мижозларни трейдингга ўқитиш, янги дериватив бозорларнинг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Анжуман сўнгида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 30-йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ўтказилди.
Маълумот учун: Евро-Осиё Фонд биржалари федерацияси 1995 йилда аъзо давлатлар биржаларининг ривожланишига кўмаклашиш, шу жумладан уларнинг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, брокерлар ва дилерларни тартибга солиш ва ўз-ўзини бошқариш механизмлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш, самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2020 йилдан буён FEAS аъзоси ҳисобланади.
Курилди: 4202