2024 йилнинг 18 апрель куни Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Халқаро биржалар уюшмасининг (МДҲ ХБУ) йиллик Умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Жорий йилда ушбу тадбирга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мезбонлик қилди.
Мажлисда Россия, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон мамлакатлари йирик биржаларининг 40 дан зиёд раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбирда, шунингдек, Туркманистон давлат товар-хомашё биржаси ва AAEEX товар биржаси (ХХР) вакиллари таклиф этилган меҳмонлар сифатида иштирок этишди.
Учрашув давомида биржалараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, МДҲ мамлакатларида биржаларни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, шунингдек, биржа савдолари ва молия бозорлари соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари МДҲ ХБУ Ижроия дирекциясининг ҳисоботи, Тафтиш комиссиясининг хулосаси, ҳамда ташкилотнинг 2023 йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти якунлари бўйича йиллик ҳисоботини тасдиқлашди.
МДҲ Давлатлари Халқаро Биржалар Уюшмаси (МДҲ ХБУ) аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши доирасида МДҲ ХБУ Товар бозорлари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон (ЕТС биржаси, Каспий биржаси), Россия (Миллий товар биржаси), Беларусь Республикаси (Беларусь универсал товар биржаси), Ўзбекистон (Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси) ва Қирғизистон (Қирғизистон фонд биржаси) каби мамлакатларнинг 6 та биржа вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Биржалари Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) 2000 йил апрель ойида Москвада уюшган молия бозорларини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида тузилган. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2004 йилдан буён МДҲ БХУ аъзоси ҳисобланади.
Курилди: 2554