Бухорода биржа фаолияти бўйича медиа-тренинг ўтказилди | Новости

14 Мар 2024

Жорий йил 14 мартда Бухорода журналистлар ва тадбиркорлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларни тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча савдолар шаффофлик, тенг шароитларни таъминлаш ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади, тузилган битимларнинг бажарилиши эса кафолатланади. Бу, ўз навбатида, товар бозорларида нархларни талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда соф рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.

Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, замонавий IT-технологиялар ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.

Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлар биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Биржанинг Call-марказига ҳар куни биржа фаолияти масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 150 га яқин онлайн мурожаатлар келиб тушади.

Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Биржа механизмларнинг афзалликлари туфайли биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Хусусан, 2023 йил 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон фармони қабул қилинди ва унга кўра пахта хомашёси илк бор Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг алоҳида секциясида фьючерс шартномалари асосида сотилиши йўлга қўйилди.

2024 йил январь-февраль ойларида қарийб 28 мингта фермер хўжаликлари томонидан фьючерс шартномалари асосида 1,7 млн тоннадан зиёд пахта хомашёси очиқ биржа савдолари орқали сотилди.

Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра пахта хомашёсининг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8284,0 минг сўмни ташкил қилди. Бунда пахта хомашёсининг биржада шаклланган нархи аукцион эвазига унинг бошланғич баҳоси (7800,0 минг сўмни)га нисбатан ўртача 6,2%га ўсди.

Фьючерс шартномалари бўйича ортиқ етиштирилган пахта хомашёси 2024 йил ноябрь ойидан бошлаб биржа савдолари орқали спот шартномалари асосида сотилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги ПҚ-156-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдоларида “яшил энергия” сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилинди.

2024 йил февралида биржанинг мазкур секцияда илк бор “яшил энергия” сертификатлари сотила бошлади. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан биржа савдолари орқали 26,7 млн сўмлик дастлабки 2000 та сертификатлар сотилди. Сертификат бўйича биржада шаклланган дастлабки биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13360,1 сўмни ташкил қилди.

Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 27 та савдо майдончалари, 122 та брокерлик идоралари ва қарийб 264 та трейдерлар фаолият юритади.

2023 йилда филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 15,3 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 91% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Бухоро вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.

Шунингдек, матбуот ходимлари ва тадбиркорлар биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.

Медиа-тренинг давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 2421