Биржада матбуот анжумани ва медиа-тренинг ўтказилди | Новости

23 Фев 2024

2024 йил 23 февралда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистонда биржа фаолиятининг ривожланиш натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2023 йил якунлари ва 2024 йил учун истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб беришдан иборат бўлди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда товар бозорларида шаффофликни таъминлаш ва илғор рақамли технологияларга асосланган бозор механизмларни жорий қилишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Ўтган йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси
илк бор “Fitch Ratings” халқаро агентлигининг “B” (барқарор кутилма) рейтингини олди ҳамда ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича ресертификaциядан ўтди ва ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро сертификат талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.

2023 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилга нисбатан 7%га ўсиб, 146,8 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 71% биржа савдоларига, қолган 29% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Шунингдек, биржада тузилган ташқи савдо битимларнинг ҳажми 2022 йилга нисбатан 48% га ўсиб, 700,5 млн АҚШ долларни ташкил қилди.

2023 йилда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилга нисбатан 7% га ошиб, 39,4 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 13% га ўсиб, 6,6 трлн сўмга тенг бўлди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларини электрон тарзда расмийлаштириш имконияти яратилди ҳамда etender.uzex.uz сайтида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш механизми жорий этилди.

2023 йилда avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 396,1 млрд сўмлик 87 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди. Мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида тизимда “avtobid” янги хизмат тури жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги 262-сон Қарорига мувофиқ ўтган йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 1,6 млн тонна буғдой биржа савдолари орқали барча тадбиркорлик субъектларига эркин сотилди. Буғдойнинг бозор нархларида сотилиши ҳисобига маҳаллий кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан қўшимча 30,2 млрд сўмлик даромад олинди.

Эришилган ушбу ижобий натижалар бозор механизмини қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари, шу жумладан пахтачилик тармоғида ҳам жорий этилиши учун ишончли замин яратиб берди.

Шу муносабат билан, 2023 йил 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон фармони қабул қилинди ва унга кўра пахта хомашёси илк бор Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг алоҳида секциясида фьючерс шартномалари асосида сотилиши йўлга қўйилди.

Бу, ўз навбатида, пахта хомашёсининг нархини шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида шаклланишини таъминлади ҳамда мазкур бозорда рақобат муҳитини ривожланишига кўмак берди. Хусусан, 2024 йил январь-февраль ойларида қарийб 28 мингта фермер хўжаликлари томонидан фьючерс шартномалари асосида 1703,3 минг тонна пахта хомашёси биржа савдоларига қўйилди ва улардан 1700,5 минг тоннаси, яъни 99,8% сотилди.

Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра пахта хомашёсининг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8285,0 минг сўмни ташкил қилди. Бунда пахта хомашёсининг биржада шаклланган нархи аукцион эвазига унинг бошланғич баҳоси (7800,0 минг сўмни)га нисбатан ўртача 6,2%га ўсди.

Фьючерс шартномалари бўйича ортиқ етиштирилган пахта хомашёси 2024 йил ноябрь ойидан бошлаб биржа савдолари орқали спот шартномалари асосида сотилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги ПҚ-156-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдоларида “яшил энергия” сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилинди.

2024 йил 15 февралидан бошлаб биржанинг мазкур секцияда илк бор “яшил энергия” сертификатлари сотила бошлади. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан биржа савдолари орқали 26,7 млн сўмлик дастлабки 2000 та сертификатлар сотилди. Сертификат бўйича биржада шаклланган дастлабки биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13360,1 сўмни ташкил қилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, журналистлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ҳам ўтказилди.

Таъкидланганидек, биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, савдо иштирокчиларнинг шахсий кабинетлари ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.

Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлари биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.

Хорижий экспертлар ва консалтинг компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ривожланиш стратегиясида биржанинг IT-инфратузилмаси ва савдо платформаларини модернизaция қилиш, кўрсатилаётган биржа хизматларининг турларини кенгайтириш, ташқи савдо ҳажмларини ошириш ҳамда янги биржа савдо воситаларини жорий этиш вазифалари белгиланган.

Матбуот анжумани якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 4262