2024 йил 1-2 февраль кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари Бангкок шаҳрида (Таиланд) бўлиб ўтган Фьючерс бозорлари уюшмасининг (AFM) 26-чи йиллик анжуманида иштирок этишди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тақдимотини ўтказиш, замонавий биржа савдо воситаларини жорий этишда дунёнинг етакчи биржалари билан тажриба алмашиш, биржалараро ҳамкорликни кучайтириш ва биржа савдоларининг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Анжуманда дунё мамлакатларининг 40 та йирик фьючерс биржалари, клиринг палаталари, тижорат ташкилотлари ва IT-компанияларнинг 50 дан зиёд вакиллари иштирок этиб, биржа савдолари, клиринг тизимлари ва товар бозорлари, шу жумладан капитал бозорларининг келажакдаги истиқболлари, минтақавий фьючерс индустрияси, атроф-муҳитнинг ифлосланишини бозорларга таъсирига оид мавзулар муҳокама қилинди.
Биржаларни электрон тижоратда фаоллашуви, биржа маҳсулотларини рақамлаштириш, бозор иштирокчиларнинг саводхонлигини ошириш ва ноодатий маҳсулотларни биржада сотилиши дунё биржаларини келажакдаги ривожланиш истиқболлари сифатида белгиланди.
Анжуман доирасида Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM)нинг раҳбарлари ва аъзолари учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалари ҳақида тақдимот ўтказилди ҳамда биржа тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Тақдимотлар якунларига кўра хорижий биржа раҳбарлари ва форумнинг бошқа иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан биржа савдолари соҳасида эришилган ютуқларни юқори даражада баҳоладилар.
Анжуман давомида Лондон металл биржаси (LME), Сингапур биржаси (SGX), Индонезия товар ва деривативлар биржаси (ICDX) ва Philip Capital халқаро брокерлик компанияси ҳамда Trading Technologies, Exberry, Baymarkets ва Chella Software каби дастурий таъминотчилар ва бошқа хорижий компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра биржа савдоларини ташкиллаштиришда тажриба алмашиш, брокерлар ва мижозларни трейдингга ўқитиш, янги дериватив бозорларнинг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, анжуман доирасида Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM) аъзоларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди, унда AFMнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари, молиявий ҳисоботи ва Уюшманинг 2024-2025 йиллар учун иш режалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2019 йилдан буён Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM) нинг тўлиқ аъзоси ҳисобланади.
Маълумот учун: Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM) – турли давлатларнинг биржалари, клиринг ва бошқа ташкилотларни боғлайдиган халқаро нотижорат ташкилот. Уюшма янги савдо турлари ва бозорларни яратишда кўмаклашиш ҳамда ташкилот аъзолари ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш мақсадида 1998 йилда Буэнос-Айресда (Аргентина) ташкил топган.
Курилди: 3391