Жорий йил 6 декабрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси марказий офисида мамлакатимизда ўтказилаётган Аксилкоррупция ойлиги доирасида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
“Очиқ эшиклар куни”да мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари, биржа соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган замонавий тизим ҳамда биржа механизмларнинг коррупцияга қарши курашишда тутган ўрни тўғрисида маърузалар, тақдимотлар ва муҳокамалар ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида маъруза қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий ва самарали давлат бошқарувини жорий этиш, давлат хизматида коррупциявий ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий муросасизлик маданияти шаклланмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда 158-сон фармони билан қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам ўз аксини топган.
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ижобий ютуқларга эришган ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коррупция кўринишларининг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган сабабларни ва шарт-шароитларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилганлиги ўз самарасини бермоқда.
Шу муносабат билан тарғибот ва таълим ҳамда коррупцияни олдини олиш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тадбирда, шунингдек, сўнгги йилларда биржа савдолари бўйича очиқлик, шаффофликни ва ошкораликни таъминлашга қаратилган чоралар ҳамда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда биржанинг тутган ўрнига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг фаолияти ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро стандарт талабларига тўлиқ жавоб беради.
Биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси балки, яширин иқтисодиёт ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. Бунда шаффофлик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида биржанинг барча савдо тизимларида, биржа савдолари
ва онлайн-аукционларнинг ҳар бир босқичида таъминланади.
Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, савдо иштирокчиларнинг шахсий кабинетлари ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.
Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлари биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукцион жараёнларини онлайн тарзда кузатишлари мумкин.
Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Тадбир фаол муҳокама тарзида ўтди, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мутахассислари журналистлар ва бошқа тадбир иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Курилди: 2235