Янги 2025 йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ фаолиятида якунига етаётган 2024 йилда бир қатор янгиликлар ва муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Ана шундай катта аҳамият касб этган 10 та энг муҳим воқеаларни сарҳисоб қилмоқчимиз.
1. Биржанинг 30 йиллик юбилейи нишонланди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Самарқандда илк бор “Бозор инфратузилмаси ва воситачиларнинг иқтисодиётдаги ўрни” мавзусидаги нуфузли ConFEAS 2024 халқаро биржа анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи хорижий товар, фонд ва валюта биржалари, клиринг ташкилотлари, марказий депозитарийлар, тижорат банклари, инвестицион компаниялар, дастурий ечимлар провайдерлари ва IT-компаниялар, халқаро молиявий ва консалтинг ташкилотларининг 200 дан ортиқ делегатлари иштирок этди.
Анжуманда жаҳон биржа саноати ривожланишининг сўнгги тенденциялари ва истиқболлари, биржа савдосида тартибга солиш ва инновацияларнинг ўрни, замонавий капитал бозорларидаги муаммолар ва имкониятлар муҳокама қилинди ҳамда биржа соҳасидаги етакчи экспертлар ўзаро тажриба алмашишди.
2. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси акцияларининг “Халқчил IPO”си ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-162-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога маҳаллий топ-компанияларнинг акциядори бўлиш имкониятини берувчи кенг кўламли “Халқчил IPO” дастури Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг акцияларини таклиф қилишдан бошланди.
“Халқчил IPO” давомида инвесторлар томонидан энг юқори “Premium” тоифасига кирувчи Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг акцияларига талаб юқори бўлди, натижада кампания 100% жойлаштириш билан якунланди.
3. Товар хом-ашё биржалар фаолиятига доир Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, биржа савдолари шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизaция қилиш, савдо системаларини такомиллаштириш, биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, шунингдек янги савдо воситаларини жорий этиш Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
4. Биржада яшил сертификатлар сотила бошлади.
2024 йил бошида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “яшил энергетика секцияси”да илк бор “яшил энергия” сертификатлари сотила бошлади.
Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра биржа орқали умумий қиймати 270,0 млн сўмдан ортиқ бўлган қарийб 20 минг дона сертификатлар сотилган. Сертификат бўйича биржада шаклланган биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13,5 минг сўмни ташкил қилди.
“Яшил энергетика” сертификатларини биржа савдолари орқали сотилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилишда имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради.
5. Икки томонлама қарама-қарши аукцион жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида икки томонлама қарама-қарши аукциони ишга туширилди.
Икки томонлама қарама-қарши аукцион биржанинг савдо режими бўлиб, бозор нархларини аниқлашнинг янада самаралироқ усули ҳисобланади. Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.
Биржа савдосининг янги режими биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва товар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
6. Қишлоқ хўжалигида биржа механизмидан фойдаланиш кенгайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон Фармонига мувофиқ, 2024 йилда 30 мингга яқин фермер хўжаликлари томонидан илк бор 2,4 млн тонна пахта хомашёси фьючерс ва спот шартномалари асосида биржа савдолари орқали сотилди.
2024 йил 11 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарорига мувофиқ 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган 1,0 млн тоннадан ортиқ буғдой биржа савдолари орқали сотилди.
7. “UZEX Agro” янги биржа савдо платформаси ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “UZEX Agro” янги электрон савдо платформаси ишга туширилди.
Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
8. Самарқандда МДҲ ХБУ умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
2024 йилда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Халқаро биржалар уюшмасининг (МДҲ ХБУ) йиллик Умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Россия, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон мамлакатлари йирик биржаларининг 40 дан зиёд раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Учрашув давомида биржалараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, МДҲ мамлакатларида биржаларни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, шунингдек, биржа савдолари ва молия бозорлари соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
9. Биржада домен номлари сотила бошланди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси “UZINFOCOM” МЧЖ билан тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида домен номларини сотиш бўйича янги domain.uzex.uz электрон савдо платформасини ишга туширди.
Мазкур платформада очиқлик ва бозор тамойиллари асосида харидоргир ҳарфлар ва рақамлар комбинациясига эга бўлган «.UZ» доменидаги фойдаланилмаётган домен номлари учун онлайн-аукционлар ўтказилади.
Ягона интегратор “UZINFOCOM” МЧЖ биржа аукционида домен номларининг сотувчиси сифатида иштирок этади.
10. Янги биржа воситалари бўйича бир қатор семинарлар ўтказилди.
Товар биржалари фаолиятига доир янги ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва янги биржа воситалари билан таништириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида биржа аъзолари, трейдерлари ва савдо иштирокчилари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.
Семинарларда биржа соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар, икки томонлама қарама-қарши аукцион, деривативлар ва фьючерс савдолари, биржа савдолари, биржа комиссиялари, клиринг, рақобат ва ички назорат қоидалари, рақамли иқтисодиёт мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Курилди: 226