Биржа «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда | Новости

26 Ноя 2024

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда кузги дарахт экиш мавсумида кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суратлар билан амалга оширилмоқда.

Мазкур жараёнда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 20 ноябрь кунидан бошлаб Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, «Улоч» МФЙ ҳудудида жойлашган 4 гектар ер майдонларида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ вакиллари иштирокида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари кўтаринки руҳда амалга оширила бошлади. Ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, 2,5 мингдан зиёд манзарали кўчатлар экилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунгача ушбу майдонга 700 дан зиёд манзарали кўчатлар экилди.

Дарахт кўчатлари экишга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси марказий аппарати ва Қашқадарё филиалининг раҳбарлари ва ходимлари билан бирга биржанинг брокер ва трейдерлари ҳам ўз муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Эслатиб ўтамиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали кўчатларни экиш тадбирларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан старт берилган эди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг экологиясини яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида қатор муҳим ташаббусларни ўз ичига қамраб олади.

Курилди: 3892