Биржада “Ҳалқчил IPO” Roadshow тақдимоти бўлиб ўтди | Новости

09 Окт 2024

2024 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси марказий офисида “Халқчил IPO” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини оммавий жойлаштиришга бағишланган Roadshow тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда биржанинг марказий аппарат ходимлари ва биржа аъзолари, шунингдек, видеоконференсалоқа орқали компаниянинг ҳудудий филиаллари ва савдо майдончалари вакиллари иштирок этди.

Roadshow давомида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти томонидан биржанинг сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикаси ва ўрта муддатли истиқболдаги ривожлантириш стратегияси тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Хусусан, яқин келажакда биржа томонидан биржа савдоларининг шаффофлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, шунингдек, биржа савдоларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда янги савдо воситаларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига биржанинг афзалликлари ва сўнгги ютуқлари, шу жумладан компаниянинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

“KAP DEPO” андеррайтер – инвестиция компаниясининг молиявий таҳлилчиси Музаффар Розиқов компания фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш бўйича “Халқчил IPO”да иштирок этиш тартибини тушунтириб берди.

Таъкидланганидек, “Халқчил IPO”да “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ устав фондидан 4,44 фоиз акцияларни сотиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, жойлаштириш бўйича нарх оралиғи ҳар бир акция учун 12 900 сўмдан 18 000 сўмгача бўлиб, аризаларни қабул қилиш 2024 йил 28 октябргача давом этади.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш учун аризалар “E-AUKSION” электрон савдо майдончаси ёки “GO INVEST” мобиль иловаси орқали берилиши мумкин.

Roadshow якунида тадбир иштирокчилари ўртасида фикр алмашуви бўлиб ўтди ва андеррайтер вакиллари биржа ходимлари ва брокерларини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Яқин кунларда республиканинг ҳар бир ҳудудида шу каби Roadshow тақдимотларини ўтказилади.

Курилди: 2654