Биржа фаолиятининг 2024 йил 9 ойлик якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди | Новости

29 Окт 2024

2024 йил 29 октябрда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2024 йил 9 ой якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2024 йил 9 ойлигида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг аcосий йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Хусусан, 2024 йил январь - сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг 9 ойлигига нисбатан 15,1% га ўсиб, 118,3 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 74% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 26% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Кўриб чиқилаётган даврда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 30,4 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 24,5% га ўсиб, 6,5 трлн сўмга тенг бўлди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 620,0 млрд сўмлик 152,0 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сони ва ҳажми бўйича 2,6 баробарга ўсди.

Сотилган авторақамларнинг 97% жисмоний шахсларга ва қолган 3% юридик шахсларга тўғри келган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 1,7 млн сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 517,1 млн сўмни ташкил қилди.

2024 йилнинг январь - сентябрь ойлари давомида биржанинг mobilraqam.uzex.uz савдо тизими орқали жами 14,6 млрд сўмли 3 577 та мобиль рақамлар сотилди. Сотилган мобиль рақамларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир ярим маротабага ўсди.

Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ биржа савдоларининг шаффофлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, янги савдо воситалари ва режимларини жорий қилиш ҳамда ходимлар ва биржа аъзоларининг малакасини ошириш Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг асосий устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да биржада товар деривативларини жорий қилиш ишларини жадаллаштириш, биржа савдоларида қарама-қарши аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш жараёнларига электрон тижорат фаолиятини изчил татбиқ қилиш чоралари белгиланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси товар деривативлари бозорини жорий қилиш борасида илғор хорижий биржалар ва биржа фаолиятига алоқадор ташкилотлар, шунингдек халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, биржалараро ҳамкорликни кучайтириш ва биржа савдолари соҳасида тажриба алмашиш ишларини фаол амалга оширмоқда.

Шунингдек, биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукциони ишга туширилмоқда.

Икки томонлама қарама-қарши аукцион биржанинг савдо режими бўлиб, бозор нархларини аниқлашнинг янада самаралироқ усули ҳисобланади. Хусусан, ундаги нархлар сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги рақобат натижасида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат даражасида шаклланади.

Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.

Аукцион давомида сотувчилар ва харидорларнинг нархлари бир бирига мос келгунга қадар яқинлашаверади. Нархлар мос келган тақдирда эса, битимлар инсон аралашувисиз автоматик тарзда тузилади.

Шу билан бирга, аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳузурида ташкил қилинган “Agro Exchange” МЧЖнинг асосий вазифалари белгиланди ҳамда “UZEX Agro” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тасдиқланди.

Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 3517