Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электрон тижорат ва давлат харидлари электрон савдо тизимларида яратилган янги имкониятлар бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказмоқда.
Дастлабки семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад электрон тижорат ва давлат харидларига доир қабул қилинган ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тушунтиришдан иборатдир.
Хусусан семинарлар давомида давлат харидларида иштирок этишда ўрнатилган талаблар ва тартиблар батафсил тушунтирилди ҳамда давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган тўғридан-тўғри шартнома тузишда тизимда жорий этилган янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва тақдимотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, тўғридан-тўғри харид қилиш турида шартномаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиш тартиби, яъни шартнома тузилишидан олдин жойлаштирилган эълон муҳокама даврида жамоатчиликда эътирозлар бўлган тақдирда, жамоатчилик xarid.uzex.uz тизимига ЭРИ калити орқали кирган ҳолда, тегишли эълонга ўз эътирозларини қолдиришлари мумкин.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари электрон савдо тизимида давлат буюртмачилари томонидан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларида ортиқча маблағларни буюртмачига қайтариш функцияси жорий этилди, шартномаларни электрон шаклда тузиш имконияти пайдо бўлди, махфийлик устхатига эга бўлган ҳужжатлар асосида тузиладиган тўғридан-тўғри шартномаларни ғазначиликка юбориш механизми ишга туширилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари давлат харидларида соҳани назорат қилувчи органлар томонидан аниқланаётган асосий қонунчилик талаблари бузилиш ҳолатлари сабаблари ва уларни бартараф қилиш тўғрисида маълумотлар беришди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарорига мувофиқ аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида янги agro.uzex.uz электрон савдо платформаси ишга туширилмоқда.
Биржанинг мазкур янги савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳа мутахассислари тингловчиларнинг барча қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Курилди: 2368