Фарғонада оммавий тадбирлар ўтказилди | Новости

23 Окт 2024

Жорий йил 22-23 октябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Фарғона филиалида тадбиркорлар учун янги савдо воситалари бўйича семинар ва журналистлар учун медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирларда биржа аъзолари, трейдерлари, савдо иштирокчилари ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этишди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қошидаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда ўтказилди.

Семинарда биржа соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар, икки томонлама қарама-қарши аукцион, деривативлар ва фьючерс савдолари, биржа савдолари, биржа комиссиялари, клиринг, рақобат ва ички назорат қоидалари, рақамли иқтисодиёт мавзуларида маърузалар ва тақдимотлар ўтказилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да биржада товар деривативларини жорий қилиш ишларини жадаллаштириш, биржа савдоларида қарама-қарши аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш жараёнларига электрон тижорат фаолиятини изчил татбиқ қилиш чоралари белгиланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси товар деривативлари бозорини жорий қилиш борасида илғор хорижий биржалар ва биржа фаолиятига алоқадор ташкилотлар, шунингдек халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ўрнатиш, биржалараро ҳамкорликни кучайтириш ва биржа савдолари соҳасида тажриба алмашиш ишларини амалга оширмоқда.

Шунингдек, биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион ишга туширилмоқда.

Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.

Аукцион давомида сотувчилар ва харидорларнинг нархлари бир бирига мос келгунга қадар яқинлашаверади. Нархлар мос келган тақдирда эса, битимлар инсон аралашувисиз автоматик тарзда тузилади.

Шу билан бирга, аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳузурида ташкил қилинган “Agro Exchange” МЧЖнинг асосий вазифалари белгиланди ҳамда “UZEX Agro” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тасдиқланди.

Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.

Шу билан бирга, “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Фарғона филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларини тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, биржа фаолиятига доир сўнгги ўзгаришлар ҳамда биржада амалга ошириладиган кундалик ишлар батафсил тушунтирилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Фарғона филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 45 та савдо майдончалари, 126 та брокерлик идоралари ва қарийб 397 та трейдерлар фаолият юритади.

2024 йил январь – сентябрь ойларида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 8,3 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 89% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Тадбирлар давомида биржа мутахассислари журналистлар, брокерлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Курилди: 2144