2024 йил 14-19 октябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон, Хоразм, Андижон, Фарғона, Наманган, Навоий, Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудий филиалларида “Халқчил IPO” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини оммавий жойлаштиришга бағишланган Roadshow тақдимотлари бўлиб ўтди.
Roadshow тақдимотлари давомида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти томонидан биржанинг сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикаси ва ўрта муддатли истиқболдаги ривожлантириш стратегияси тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, яқин келажакда биржа томонидан биржа савдоларининг шаффофлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, шунингдек, биржа савдоларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда янги савдо воситаларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбирлар иштирокчиларига биржанинг афзалликлари ва сўнгги ютуқлари, шу жумладан компаниянинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
“KAP DEPO” андеррайтер – инвестиция компаниясининг вакиллари компания фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш бўйича “Халқчил IPO”да иштирок этиш тартибини тушунтириб беришди.
Таъкидлаш жоизки, “Халқчил IPO”да “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ устав фондидан 4,44 фоиз акцияларни сотиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, жойлаштириш бўйича нарх оралиғи ҳар бир акция учун 12 900 сўмдан 18 000 сўмгача бўлиб, аризаларни қабул қилиш 2024 йил 28 октябргача давом этади.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш учун аризаларни “E-AUKSION” электрон савдо майдончаси, “GO INVEST” ва “MULTICARD” мобиль иловалари ёки KAP DEPO инвестицион компаниясига мурожаат қилиш орқали бериш мумкин.
Roadshow тақдимотларида тадбир иштирокчилари ўртасида фикр алмашуви бўлиб ўтди ва андеррайтер вакиллари биржа ходимлари ва брокерларининг қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.
Курилди: 1648